24-31 август кунлари Венеция Халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистоннинг биринчи Миллий павильонида Маданият ва санъат риволантириш жамғармаси томонидан бир қатор маърузалар, давра суҳбатлари ҳамда очиқ филм намойиши ташкил этилмоқда.

Венецияда ўтказилаётган 17-Халқаро архитектура биенналесида Ўзбекистон миллий павильони 22 май куни ўз эшикларини очган эди. “Маҳалла: шаҳар ва қишлоқ ҳаёти” лойиҳаси Ўзбекистоннинг мазкур халқаро анжумандаги дебюти бўлди.

Павильон комиссари – Маданият вазирлиги ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармасининг We Exhibit'га таяниб маълум қилишича, шу кунгача Ўзбекистон миллий павильонига 20 мингга яқин одам ташриф буюрди.

Лойиҳа маҳалланинг маданий меросини тушуниш ва ҳужжатлаштириш зарурлиги ғоясига асосланган бўлиб, у Ўзбекистоннинг маданият соҳасидаги мутахассислари ва архитектура бўйича халқаро экспертлар билан ҳамкорликда амалга оширилди. Фанлараро лойиҳа маҳалла меъморчилиги ва ҳаётининг турли жиҳатларини ўрганишга асосланган бўлиб, Ўзбекистоннинг маданий-меъморий анъаналарини ижодий акс эттиришга қаратилган кенг қамровли академик тадқиқотлар ва ифодали бадиий мулоҳазани бирлаштирган.

Тўпланган маълумотларга ва хорижий мутахассисларнинг кенг доирасига асосланиб, ташкилотчилар “Маҳалла ҳикоялари” дея номланган бир қатор тадбирларни ўтказишни кўзлашган. “Маҳалла ҳикоялари” – бу “La Biennale di Venice” 17-Халқаро архитектура кўргазмасида Маданият ва санъат риволантириш жамғармаси томонидан ишлаб чиқилган таълим ва маданий тадбирлар кетма-кетлиги. Ушбу тадбирларда нафақат лойиҳа кураторлари ва рассомлари, балки таклиф қилинган маърузачилар ҳам спикер сифатида чиқишлар қилишади.

24 август куни Ўзбекистон павильонида ўтказиладиган дастурни “Шодиёна” ўзбек анъанавий карнай ва сурнайчилар мусиқа ансамбли очиб беради ҳамда мақом ижрочиси Хушнуд Солижоновга ҳамроҳлик қилади. Шу куни мақомчи ва мусиқачилар бир вақтлар маҳаллалардаги тўй ва бошқа байрамларда ижро этилган мумтоз ўзбек миллий қўшиқларини ижро этишади.