17 август куни Тошкент шаҳрида олимпиада ғолиблари ва уларнинг ўқитувчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Kun.uz мухбири тадбир якунида Японияда ўтган 53-Халқаро кимё олимпиадаси ғолиби, Тошкент Педиатрия тиббиёт институти қошидаги академик лицей ўқувчиси Собиржон Аманов ва унинг устози Лазиз Зайлобов билан интервью уюштирди.

— Собиржон, аввало, олтин медаль билан табриклайман. Сизнинг Халқаро фан олимпиадаси ғолиблигигача қандай жараёнлардан ўтганингиз кўпчиликка қизиқ.
— Умуман олганда мен иштирок этган Халқаро кимё олимпиадаси шу йўналишдаги энг нуфузли мусобақа ҳисобланади. Шунинг учун ҳам бу олимпиадага энг камида 2 йиллик тайёргарлик керак бўлади.
Мени ҳам лицейимиз ўқитувчилари айнан шунча вақт тайёрлашди. Шу ўринда кимё фанидан менга устозлик қилаётган Лазиз Зайлобовнинг хизматларини алоҳида эътироф этишим, бераётган билимлари учун унга миннатдорлик билдиришим керак. Лазиз ака жуда яхши ўқитувчи, ўз фанидан кучли билимга эга инсон. У ҳар битта масалага жуда чуқур ва батафсил кириб боради, эринмайди.
Бизнинг кунлик ўртача машғулотларимиз кеч соат 17-18:00 гача, олимпиада яқин қолганда эса тунги 1-2 гача ҳам давом этади.
Бундан ташқари Халқ таълими вазирлиги ҳам олимпиада олдидан Москва давлат университетининг кимё фани докторантини биз учун 2 ҳафталик маҳорат дарсларига олиб келди. Шу дарслар ҳам ўз самарасини берди.
— Эшитишим бўйича, бу мусобақада сиз аввал ҳам иштирок этгансиз, лекин илк бор олтин медални қўлга киритдингиз.
— Ҳа, бу халқаро олимпиадалардаги учинчи иштироким. Бунгача халқаро Менделеев олимпиадасида бронза ва кумуш медаль олганман. Бу сафарги натижам энг яхшиси бўлди.












