Kun.uz Афғонистондаги сўнгги сиёсий ўзгаришлар бўйича сиёсатшунос, «Билимлар карвони» ННМ директори Фарҳод Толипов билан интервью уюштирди.

— Ҳозирда «Толибон» томонидан берилаётган ваъдалар қанчалик даражада бажарилади деб ўйлайсиз?
— Толиблар ҳокимиятни тўла эгаллай олмайди, чунки улар давлатни бошқариш дастурига эга эмас. Шу пайтга қадар улар фақат уруш олиб бориш билан шуғулланган. Давлатни қандай бошқаради, халқ талаблари ва эҳтиёжларини қандай қондиради, билмаймиз. Натижада улар доим халқнинг норозилигига учрайверади.
Улар куч билан ҳокимиятга келиши мумкин, аммо бу ҳокимиятни сақлаб қолиш учун етарли эмас. 90-йилларда улар ҳокимиятда бўлганида Шимолий Альянс ва «Толибон» орасида уруш бўлганини эслайлик. Агар толиблар зўравонлик билан тартиб ўрнатмоқчи бўлса, унда нафақат афғонистонликлар, балки халқаро ҳамжамият ҳам уларга қарши чиқади.
— «Толибон»нинг ҳокимиятга келишида Покистон қанчалик таъсир ўтказди?
— «Толибон» ҳаракати ҳокимият учун кураш олиб бормаётган, ҳали мужоҳидлар ҳаракати мавжуд бўлган пайтларда ҳам Покистоннинг таъсири ва роли жуда катта бўлган. «Толибон» – асли Покистон ҳудудида пайдо бўлган ва шаклланган ҳаракат. Кўпчилик экспертлар Покистон разведка хизматининг бевосита ва билвосита «Толибон»ни қўллаб-қувватлашини таъкидлашади. Тарихга назар ташласак ҳам, «Толибон» 90-йилларда ҳокимиятга келганда Покистон уларни биринчилардан бўлиб расмий давлат сифатида тан олган. Ўша даврдан бошлаб то бугунгача «Толибон»га Покистон ҳар томонлама ёрдам бериб келди. Шу сабаб кўпчилик «Толибон»нинг ҳокимиятни эгаллашини бевосита Покистоннинг ғалабаси сифатида эътироф этмоқда. Катта эҳтимол билан, келажакда ҳам толиблар ўзаро низо оқибатида бўлиниб кетмаслиги учун уларни Покистон ҳарбий ва сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлайди.
— АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари нега «Толибон»нинг ҳокимиятга келишига деярли қаршилик кўрсатмади? Буни қандай изоҳлаш мумкин?
— Аввало, шуни таъкидлаш керакки, биринчи ўринда собиқ расмий ҳукумат қуролли кучларининг ўзи «Толибон»га қаршилик кўрсатмади. Бу биз учун очиқ савол бўлиб қолмоқда. Чунки 20 йил давомида мамлакатда Ғарб давлатлари молиявий имкониятлари ва ҳарбий мутахассислари иштирокида ҳарбий тизим яратилганди. Уларнинг деярли қаршиликсиз таслим бўлиши ғайритабиий. Умуман, мағлубиятга учрашди деган термин ҳам вазиятга мос эмас. Уруш бўлганда қайсидир томон мағлубиятга учраши мумкин, афғон ҳарбийлари эса шунчаки таслим бўлишди. Ҳозирги кунда экспертларда бу ерда олдиндан қандайдир келишув бўлмаганмикан, деган шубҳалар пайдо бўлмоқда. Хўш, бу режа бўлса, бундан нима кўзланган эди, деган мавҳумлик бизни ўйлантиради.

















