Жамият | 11:00 / 21.08.2021
60738
3 дақиқада ўқилади

Саккиз қизнинг ота-онаси: “Қизларимизни кучимиз етгунча қўллаймиз”

Жиззах вилоятининг Зарбдор тумани Бўстон маҳалласида истиқомат қилувчи Абулқосим Мамарасулов хонадонида 8 нафар қиз фарзанд вояга етган. Уларнинг барчаси олий маълумотли. Шу йилнинг ўзида улардан бири бакалавр, бири магистр, яна бири фан номзоди бўлишга эришди.

Қизларнинг тўнғичи Шоира биолаборатория бош лаборанти. Дилдора – ўқитувчи. Гулноз – фан доктори, “Марказий Осиё уюшмаси” жамиятининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари. Зулхумор – магистр. Мадина – ўқитувчи. Хайринисо – Маданият уйи ходимаси. Мухтасар – ўқитувчи. Муқаддас – талаба, 2021 йилда “Зулфия” мукофоти совриндори бўлган.

“Турмуш қурганимизга 37 йилдан ошди. 8 қизимиз бор. Ўзимиз ҳам ўқиганмиз, ҳаётда ҳамма нарсага ўқиганимиз учун ҳам етишганмиз. Қизларимиз ҳам ўқишини истадик. Уларнинг ўзларида ҳам ўқишга интилиш кучли эди – биз уларнинг хоҳишларига қарши чиқмаганмиз. Чунки турмуш ўртоғим ҳам тракторчи бўлишни хоҳлаганда ота-онаси қаршилик қилишмаган, мен ҳам ота-онамнинг қўллови билан ёзувчи бўлганман.

Қизларимизнинг бири кураш, бири волейбол билан шуғулланишди ёшликдан, қарши бўлмадик. Улар ўз интилишлари билан ҳаракат қилишди, биз эса қўлимиздан келганча қўллаб-қувватлаймиз”, – дейди оила бошлиғи Абулқосим ака.

Қизлар оталаридан талабчанлик ва қатъиятни, оналаридан эса меҳнатсеварликни ўрганишган. Уларнинг онаси Зулайҳо она – республикамиздаги илк механизатор аёллардан. 8 қизни тарбиялаб, вояга етказиш билан бирга, узоқ йиллар трактор ҳам бошқарган.

“Оиламизда 11 фарзанд эдик. Учинчи қиз бўлиб туғилганимда отам қаттиқ аразлаб, хизмат сафарига кетган экан. Келишларига онам мени йўргаклаб, тахмоннинг устига қўйган. Мени излаган отамга ўлиб қолганимни айтганлар. Отамнинг бундан хафа бўлганларини кўриб, кейин мени олиб кўрсатганлар. Шу-шу отам мени ёнидан жилдирмаган – уларга қўшилиб далада тракторда ўсганим учун шу касбни танлаганман.

17 ёшимда механизаторлик курсини тугатиб, трактор ҳайдадим. Ўша вақтдаги раҳбар Шароф Рашидов 1979 йилда келиб ишимни кўрди. Эсдалик учун исмим ёзилган соат совға қилди.

Тўртинчи қизимиз туғилганида турмуш ўртоғим бироз хафа бўлгандай бўлса-да, менга сездирмади. Шундан кейин яна 4 қиз кўрдик. Барчасига бирдай меҳрибон”, – дейди у.

“Дадам доим бизнинг ҳаракатчан бўлишимизни хоҳлайди. Бир жойда тўхтаб қолмаслигимиз кераклигини уқтириб келишган.

Уйда ўғил фарзанд бўлмагани учун жисмоний меҳнатдан ҳам қочмаганмиз. Шу кайфиятда тарбияланганмиз. Ҳаммасига ота-онамиз яратиб берган шароит ва доим қўллаб-қувватлашлари сабаб эришяпмиз”, – дейишади қизлар.

Оиладаги муҳитни, ўзига ишонган, билимли ва интилувчан қизларнинг бугунги ҳаётларини кўриб ҳавас қилса арзийди. Уларнинг 7 нафари оилали, фарзандли бўлишган; ўз оиласида ҳам бекаликни ўрнига қўйиб, ҳам жамиятдаги ўринларини топишмоқда.

Гулмира Тошниёзова, Kun.uz мухбири.
Тасвирчи – Нуриддин Нурсаидов.

Мавзуга оид