Ўзбекистонда бу йилги ёз аввалгиларидан анча иссиқ келди. Биз жазирама кунларнинг бирида Бухоро вилояти Газли шаҳарчасида бўлдик.

Чўл узра ётқизилган йўлдан кетарканмиз, узоқдан яшиллик кўзга ташлана бошлайди. Саҳро ўртасида барпо этилган Газли шаҳрида жазирамага қарамай, ҳаёт қайнамоқда. Газли магистрал газ қувурлари бошқармасининг ДКС-4 цехида иш қизғин. Бу ерда қувурларни алмаштириш ишлари олиб бориляпти.

Газлида қадри баланд касблардан бири – пайвандчилик. Ёдимда, ёшлигимда пайвандчига бир кунгина кўмак бериб, кечаси билан қўлим ва танамни териси ачишиб чиққанди. Кўзимга эса, эҳтиётсизлигим учундир балки, нина санчиб қўйгандек бўлганди. Кўк чой-у, қора чой босиш ҳам ёрдам бермаган.

Газли шаҳар аҳолиси орасида эса пайвандчилар кўпчиликни ташкил этади. Газли магистрал газ қувурлари бошқармасининг жўмард пайвандчи ходимлари жазирама иссиқда қалин махсус кийимга ўранган ҳолда қувурларни бир-бирига улаб, навбатдаги топшириқни бажараётгани устидан чиқдик. Улар қилаётган ишлари қиш мавсумида узоқ-яқиндаги ватандошлари жонига ора киришини яхши англайди.

Газли – кўп миллатли шаҳар. Бу ерда ўзбек, қозоқ, туркман, рус, татар ва бошқа миллат вакиллари тотувликда истиқомат қилиб келмоқда.

Жеткерген Хўрозов, пайвандчи

Асли қозоқ миллатига мансуб Жеткерген Хўрозов ҳам 15 йилдирки, ота касбини фахр билан давом эттираётган 6-тоифадаги пайвандчилардан бири. У ҳар куни тонгда меҳр қўйган ишига йўл олади. Ахир, оғир дамларда ҳам бу ишини тарк этмади, касбига содиқ қолди. Ҳатто меҳнат мигрантлигини ўйлаб кўрмади.

Жеткерген орзу истаклари ҳақида сўзлайди. “Ўғил уйлаб, қиз узатсам, фарзандларим камолини кўрсам дейман. Ахир, шунинг учун яшамаяпмизми?” – дейди пайвандчи.

Жеткергенлар оиласида 4 ўғил, 2 қиз катта бўлишган. Ўғилларнинг барчаси ота изидан бориб, бугунги кунда моҳир пайвандчилардан ҳисобланади. Ота касби – давлат касби, деб шуни айтишса керак.

1985 йилда туғилган қаҳрамонимиз рафиқаси билан биргаликда 4 фарзандни пешона тери ила топаётган ҳалол ризқ билан вояга етказмоқда.