Ўзбекистон | 18:43 / 23.08.2021
10340
2 дақиқада ўқилади

“Фориш” полигонида халқаро армия ўйинларининг очилиш маросими бўлиб ўтди

Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида “АрМИ–2021” VII Халқаро армия ўйинларининг Ўзбекистон мезбонлик қилаётган икки мусобақаси бошланди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар берди.

22 август куни бўлиб ўтган очилиш маросимида Ўзбекистон мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов танловни очиқ деб эълон қилди ва иштирокчиларга омад тилади.

Маросимда, шунингдек, Россия Федерацияси мудофаа вазири ўринбосари Тимур Иванов, Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев ҳам иштирокчи давлатлар жамоаларига мувафаққиятлар тилади.

Маълум қилинишича, бу йилги “АрМИ–2021” ўйинлари 31 йўналишда 11 та давлат ҳудудида бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистонлик ҳарбийлар мусобақанинг 24 та йўналишида баҳсларга киришган.

Халқаро армия ўйинларининг “Ҳарбий-тиббий эстафета” ҳамда “Дала ошхонаси” мусобақалари Ўзбекистон ҳудудида, Жиззах вилоятида жойлашган Марказий ҳарбий округнинг “Фориш” тоғ полигонида бўлиб ўтмоқда.

“Ҳарбий-тиббий эстафета” мусобақасида жами 8 давлат – Ўзбекистон, Хитой, Россия, Беларус, Вьетнам, Мянма, Фаластин, Тожикистон вакиллари қатнашмоқда.

“Дала ошхонаси” мусобақасида эса 5 давлат – Ўзбекистон, Ветнам, Россия, Беларус ва Тожикистон жамоалари иштирок этмоқда.

Икки йўналишдаги ғолиб жамоалар учун совға сифатида иккита “Gentra” автомобили тайёрлаб қўйилган.

Полигонга ташриф буюрган меҳмонлар учун “Дала ошхонаси” танловида иштирок этаётган хорижий давлатлар жамоалари томонидан ўз миллий таомларини тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари намойиш қилинди.

 

Мавзуга оид