ДХХ ходимлари куни ўзгариши кутилмоқда
Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари куни 5 апрелдан 26 сентябрь санасига кўчирилади. 1991–2019 йиллар давомида ДХХ ходимлари куни 26 сентябрда нишонлаб келинган.
Бугун, 24 август куни Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси палата ялпи мажлиси олдидан йиғилиш ўтказди. Унда ДХХ ходимлари кунини 5 апрелдан 26 сентябрга кўчириш масаласи кўриб чиқилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
Маълум бўлишича, тегишли қонун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган. Сенатор Толибжон Мадумаров янгилик борасида изоҳ берди.
“Ўзи асли 2018 йилда қабул қилинган қонун билан ДХХ ходимлари куни 5 апрель этиб белгиланган эди. Тажриба шуни кўрсатдики, ДХХ ходимлари куни аслида Ўзбекистон президентининг 1991 йил 26 сентябрдаги фармонига бориб тақалади. Мана шундан бери 26 сентябрь хавфсизлик хизмати ходимлари куни сифатида нишонланиб келган.
2018 йил 5 апрель куни “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонун қабул қилинганини инобатга олиб, 2018 йилнинг 2 октябрида “Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунга мувофиқ 5 апрель ДХХ ходимлари байрами деб эълон қилинганди.
Мазкур қонун бугунги кунда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари иш юритувида айрим муаммоларни келтириб чиқармоқда. 2019 йилгача ДХХ ходимлари куни 26 сентябрда нишонлаб келинган. Шу санада хизматнинг 10, 20, 25 йиллик юбилейлари ўтказилган. Мана шу нарса ҳисобга олиниб, махсус бир топшириқ берилдики, ДХХ ходимлари кунини олдинги ҳолатга қайтариш масаласи бўйича.
Шунда, бевосита 2021 йил 26 сентябрда уларнинг 30 йиллиги нишонланади”, – деди Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров.
Сенаторнинг таъкидлашича, байрамларни кўчириш – қонунчилик амалиётида учрайдиган ҳолат. Толибжон Мадумаров бунга жавобан 1993 йилда қонун билан халқ таълими ходимлари куни белгилангани, бироқ 1996 йилда қонунга ўзгартириш киритилиб, ўқитувчи ва мураббийлар куни 1 октябрга кўчирилганини мисол сифатида келтирди.
Йиғилишда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари кунини нишонлаш тўғрисидаги қонун Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси томонидан ялпи мажлис муҳокамаси учун тавсия қилинаётгани таъкидланди. Қўмита аъзолари ушбу таклифни бир овоздан маъқуллашди.
Эслатиб ўтамиз, 5 апрель ДХХ ходимлари куни сифатида 2019 йилда илк марта нишонланган.
Мавзуга оид
23:25 / 09.11.2024
Самарқандда Қуролли кучлар хизматчиси, солиқчи, Миллий гвардия ва кадастр ходимлари пора билан ушланди
16:46 / 09.11.2024
Учта вилоят ва Тошкент шаҳрида гиёҳванд модда савдоси билан шуғулланганлар қўлга олинди
10:23 / 07.11.2024
ДХХ: Қўқонда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари озодликдан маҳрум этилди
14:41 / 06.11.2024