Буюк Британия ортидан Франция ҳам АҚШдан америкалик ҳарбийларни олиб чиқишни олдиндан белгиланган муддат - 31 августгача эмас, ундан кейин якунлашни сўрамоқда.

«Биз Қўшма Штатлар томонидан белгиланган муддат - 31 август келишига оз вақт қолаётганидан жуда қаттиқ ташвишдамиз. Ҳозирги операцияни [эвакуация жараёни] якунлаш учун қўшимча вақт керак бўлади», деган Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ив Ле Дриан.

24 август куни Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон G7 давлатларининг шошилинч йиғилишида АҚШдан бу муддатни узайтиришни сўрамоқчи. Франциядан ташқари Германия ҳам бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.

Иттифоқ кучлари Кобул аэропортида америкалик ҳарбийлар бўлмаса, у ерда тартиб таъминланиши ва эвакуацияни якунлаш имконсиз бўлиб қолишидан хавотирда.

Шанба куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазири Жозеп Боррель эвакуация жараёнини 31 августгача якунлаш «математик жиҳатдан имконсизлиги»ни маълум қилганди.

Аввалроқ АҚШ президенти Жо Байден агар 31 августдан кейин ҳам Афғонистонда эвакуация қилинмаган АҚШ фуқаролари қоладиган бўлса, америкалик ҳарбийларнинг мамлакатни тарк этиши 31 августдан кейинроққа қолдирилиши ҳам мумкинлигини айтганди.

Америкаликларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 14 августдан ҳозиргача Кобул аэропортидан 37 мингдан ортиқ киши олиб кетилган (Шундан 16 минг киши сўнгги 24 соат ичида). Уларнинг катта қисми - афғонлар, лекин аниқ рақамлар маълум эмас. 11 минг киши америкаликларнинг ҳарбий-транспорт самолётлари орқали ташилган, қолгани чартер ва тижорий рейслар орқали.

Айни вақтда Ҳамид Карзай номидаги аэропортда 5800 нафар ҳарбий хизматчи хавфсизликни таъминлаш учун жалб этилган. Аэропорт ҳудудига толиблардан қочган минглаб кишилар келиши давом этмоқда.

Буюк Британия Мудофаа вазирлиги амалдори Жеймс Ҳиппининг сўзларига кўра, ҳукумат АҚШнинг қароридан қатъи назар бу масалада толиблар билан музокара ўтказишни режалаштирмоқда.

«Толибон»да танлов бор: улар ёки халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликка интилишади… ёки терс ўгирилиб айтишади: «Йўқ, муддат узайтирилмайди». Бу «еттилик» саммитида ҳал бўладиган масала эмас. Саммитдан кейин толиблар билан музокара ўтказилади», деган у.

Пентагон ҳозирча сўнгги муддатни ўзгартириш бўйича ҳеч қандай гап йўқлигини билдирди. Пентагон расмийси Жон Кирби АҚШ «Толибон» билан доимий равишда америкалик ҳарбийларнинг аэропортдаги фаолияти бўйича мулоқот қилиб тургани»ни маълум қилди.