Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори оширилади

Президент фармони билан 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда минимал пенсия ва нафақалар миқдори оширилади.

Фармонга кўра:

  • меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори – ойига 822 минг сўм;
  • базавий ҳисоблаш миқдори – ойига 270 минг сўм;
  • пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 289 минг сўм;
  • ёшга доир энг кам пенсиялар – ойига 565 минг сўм;
  • болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 622 минг сўм;
  • зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 440 минг сўм;
  • иш стажи тўлиқ бўлмаган чоғдаги пенсияларнинг энг кам миқдори қўшимча тўловни ҳисобга олган ҳолда – ойига 440 минг сўм;
  • белгиланган ёшга доир энг кам пенсия миқдоридан 623 минг сўмгача, пенсия олувчиларнинг ёшга доир ва ногиронлик бўйича пенсиялари миқдори – ойига 623 минг сўм этиб белгиланди.

Кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилади

Президент фармонига асосан 14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа ҳамда бола 2 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш нафақаси ўрнига кам таъминланган оилаларга болалар нафақаси жорий этилади.

Болалар нафақасини тайинлашда:

  • инобатга олинадиган болалар ёши 14 ёшдан 18 ёшгача оширилади;
  • тўлов муддати 6 ойдан 12 ойгача оширилади;
  • унинг миқдорини оиладаги болалар сонидан келиб чиқиб белгилаш тартиби қўлланади.

Шунингдек, якка-ёлғиз бўлган фуқароларга, фарзанди бўлмаган ёки барча фарзандлари 18 ёшдан катта бўлган кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тайинланади.