«Фуқаронинг ҳеч қайси вазир ўринбосарига алоқаси йўқлиги аниқланди» - ИИББ аёл киши ва ходимлар ўртасидаги можаро бўйича маълумот берди
Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ инспектори томонидан тўхтатилган аёл киши ИИО ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмасдан, ўзини вазир ўринбосарининг иккинчи хотини эканини айтгани тасвирланган видеолавҳа тарқалди. Тошкент шаҳар ИИББ томонидан мазкур ҳолат юзасидан текширув жараёни ўтказилди.
ИИББ хабарига кўра, 2021 йил 30 июль куни Учтепа тумани, КҲАЙ кўчаси, Жаҳон тиллари университети қаршисида ўтказилган махсус рейд тадбирида ЙПХ инспектори томонидан оқ рангли «Нексия-3» русумли автоуловга тўхташ ишораси берилган, бироқ ҳайдовчи ЙПХ инспекторининг қонуний талабига бўйсунмасдан ўз ҳаракатини давом эттирган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида мазкур транспорт воситаси КҲАЙ ва Фарҳод кўчалари кесишмасида тўхтатилган.
ЙПХ инспектори томонидан текширилганда, транспорт воситаси ҳайдовчиси 1996 йилда туғилган Э.М. автотранспорт воситасини техник қайд этиш гувоҳномасидан ташқари бошқа ҳужжатларни тақдим эта олмаган.
“Жавобгарликдан қочиб-қутилиш мақсадида Э.М. ва унинг укаси, 1999 йилда туғилган Э.У. ИИО ходимларининг фаолиятига тўсқинлик қилиб, жанжал кўтарган”, дейилади ИИББ хабарида.
Билдирилишича, ушбу фуқароларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, автоулов вақтинча жарима майдончасига жойлаштирилган ва ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларга нисбатан суд томонидан тегишли жазо чоралари қўлланилган.
“Ўтказилган текширув жараёнида Э.М.нинг ҳеч қайси вазир ўринбосарига алоқаси йўқлиги аниқланди. Шу ўринда фуқароларга эслатиб ўтамиз, бировнинг номини сотиб, ўзини кимнингдир қариндоши деб таништириш, жанжал кўтариш орқали жавобгарликдан қочиб қутулиб бўлмайди. Қонун олдида барча баробар”, дейилади маълумотда.
ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабарига кўра, 2021 йил 30 июль куни Жиноят ишлари бўйича Учтепа тумани суди томонидан фуқаро Э.М. ҳамда Э.У. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 194-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбли деб топилиб, уларнинг ҳар бирига БҲМнинг иккидан бир қисми, яъни 122.500 сўм миқдорида жарима жазоси белгиланган.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ маъмурий материалларни кўриб чиқишга масъул ходим томонидан ҳайдовчи Э.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 135-моддаси 2-қисми тартибида БҲМнинг 5 баравари миқдорида жарима белгиланган.
Мавзуга оид
09:10 / 15.11.2024
Тошкентда дорилар савдоси билан шуғулланиб келган шахслар ушланди
18:38 / 13.11.2024
“Шароитидан ҳам, ўқитувчиларидан ҳам қўрқиб кетдим” — Тошкентдаги ўқув марказидан одамлар норози
15:05 / 12.11.2024
Тошкент ҳавосини ифлослантириши мумкин бўлган барча объектлар назоратга олинди — ҳокимлик
22:45 / 10.11.2024