25 август куни хорижий давлатларнинг мамлакатимизга янги тайинланган элчилари томонидан ишонч ёрлиқларини топшириш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев Руминия элчиси Даниель Кристиан Чобану, Польша Республикаси элчиси Радослав Грук, Тожикистон Республикаси элчиси Абдужаббор Раҳмонзода, Швейцария Конфедерацияси элчиси Константин Оболенский ва Германия Федератив Республикаси элчиси Тило Клиннердан ишонч ёрлиқларини қабул қилиб олди.

Давлат раҳбари янги тайинланган элчиларни Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлидаги кенг миқёсли демократик янгиланишлар ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар давом этаётган муҳим тарихий даврда мамлакатимизда дипломатик миссиясини бошлагани билан самимий табриклади.
Амалга оширилаётган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатнинг устувор йўналишлари тўғрисида сўз юритар экан, президент хорижий ҳамкор мамлакатлар, аввало, қўшни давлатлар билан дўстона муносабатлар ва кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида қайд этди.
Жорий йил август ойининг бошида Туркманистонда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги маслаҳат учрашуви муваффақиятли ўтказилгани, ушбу тадбир яқин минтақавий ҳамкорликнинг кун тартиби кенг эканлигини яна бир бор намойиш этгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон етакчиси Афғонистондаги вазият ривожи билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратди. Бугун ушбу мамлакатда рўй бераётган воқеалар бутун халқаро ҳамжамиятда ташвиш уйғотаётгани таъкидланди.
Ўзбекистон афғон инқирозини тез фурсатда тартибга солишга кўмаклашиш учун муҳим ташаббусларни илгари сураётгани ва зарур саъй-ҳаракатларни амалга ошираётгани қайд этилди.
Жумладан, жорий йилнинг 15-16 июль кунлари Тошкент шаҳрида ўтказилган “Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар” мавзусидаги юқори даражадаги халқаро конференциянинг мақсади Афғонистонда узоқ муддатли тинчлик ўрнатилиши ва иқтисодий тикланишга кўмаклашадиган йирик инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш учун шароитларни шакллантиришдан иборат бўлди.
Ўзбекистон президенти мамлакатимизнинг янги элчилар вакиллик қилаётган давлатлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигининг истиқболларига алоҳида тўхталиб ўтди.
Руминия билан икки томонлама амалий ҳамкорликни ривожлантириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги қайд этилди. Бу, аввало, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, тўқимачилик, кимё ва фармацевтика тармоқлари, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика соҳаларида кооперацияни йўлга қўйишдир.



















