Тик қояли тоғлар орасида жойлашган бу водийда 1979-89-йилларда советлар босқинига қарши, 1996-2001 йилларда эса толибларга қарши кураш олиб борилган.
«Сўнгги 20 йил ичида бу ер Афғонистондаги энг хавфсиз ҳудуд сифатида кўрилган», дейди BBC афғон хизмати ходими Марям Омон.
Панжшер бугун ҳам мамлакатнинг 34 вилояти орасида «Толибон» қўлга кирита олмаган ягона ҳудуддир.
Аммо толиблар бу ерни олиш учун ўз кучини сафарбар қилмоқда.
«Биз иккинчи марта «Толибон»га қаршилик кўрсатишга тайёрмиз», дейди Панжшер иқтисодиёт бўлими бошлиғи Абдул Раҳмон.
«Толибон» Кобулга кирмасдан олдин Афғонистонни тарк этган собиқ президент Ашраф Ғани ҳукуматининг вице-президенти бўлган Амрулла Солиҳ ҳам шундай хабарни бермоқда.
Муқаддам разведка хизмати бошлиғи вазифасида ҳам ишлаган Амрулла Солиҳ Ашраф Ғани мамлакатни тарк этгач, ўзини «Афғонистоннинг вақтинчалик қонуний президенти» сифатида эълон қилди.
Солиҳ Панжшер бошқа минтақаларга намуна эканини айтиб, халқни қаршилик ҳаракатига қўшилишга чорламоқда.
«Мен ҳеч қачон «Толибон» билан бир том остида бўлмайман. АСЛО», деб ёзди у твиттерида.
BBC мухбири Марям Омонга кўра, «Толибон»га қарши қарата айтилган бу хабар кўплаб афғонларга ёқиши мумкин.
Тахминларга кўра, Солиҳ Панжшерда Аҳмад Масъуд билан бирга. Масъуд водийда Афғонистон миллий қаршилик фронти (NRF) номи билан «Толибон»га қарши фронт тузган. Масъуд – «Панжшер арслони» лақаби билан эсга олинадиган, 1990-йилларда «Шимолий альянс» раҳбари сифатида «Толибон»га қаршилик кўрсатган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли.
Масъуд ўтган ҳафта Washington Post газетаси учун мақоласида «Панжшерни Афғонистон озодлигининг сўнгги таянчи сифатида ҳимоя қилишга онт ичгани»ни маълум қилди ва Ғарб давлатларини «озодлик йўлида ёрдам бериш»га чақирди.
Панжшер ва уни ҳимоя қилувчи кучлар ҳақида нималар маълум?

REZA/GETTY IMAGES























