07:49 / 26.08.2021
2954

«Йил бошидан 399 нафар аёл ва уларнинг 351 нафар фарзанди марказларда реабилитация қилинган» - Танзила Норбоева

Пойтахтда Республика хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши ҳамда Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссиясининг қўшма йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Сенат раиси Танзила Норбоева иштирок этди.

Сенат раисининг сўзларига кўра, ўтган мажлисларда белгиланган вазифалар доирасида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш борасида қатор ишлар амалга оширилди. 

Хусусан, Сенат қарори билан 2030 йилга қадар гендер тенгликка эришиш стратегияси ва унинг мақсадли кўрсаткичлари белгиланди.

Президентнинг “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ мавжуд 197та марказни оптималлаштириш ҳисобига 29та Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш марказларини намунавий ҳолатга келтириш ишлари олиб борилмоқда.  

2021 йил бошидан бугунгача марказларда 750 нафар шахс (399 нафари аёллар ва уларнинг 351 нафари вояга етмаган фарзандлари) реабилитация қилинган.

Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш давлат мақсадли жамғармаси фаолияти ташкил этилди, унинг низоми ва Васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди. 

Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди. 

“Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик қилиш истагида бўлган 68 281 нафар хотин-қизга 837 млрд 931 млн сўм миқдорида имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб, бандлиги таъминланди.

Оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган хотин-қизларни ҳудудларда тор соҳа шифокорларини жалб қилган ҳолда 5 818та тиббий бригада ташкил этилиб, улар ёрдамида 43 779 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди.

Top