Очилтош опа ҳозирги вақтда Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманидаги боқувчисини йўқотган, чин етим ва оғир вазиятга тушиб қолган аёлларга мўлжаллаб қурилган уйларда яшайди. Бу уй унга текинга қуриб берилган. У шу кунларга келгунича ҳам иродаси минг синовлардан ўтгани, ҳар бир куни туганмас азобдек туюлгани, бироқ ўзини, аёллик шаънини йўқотмаганини айтади.

«Онам ҳам ёшликдан етим қолган. Камига турмуш қургач отам ҳаётни эрта тарк этган. Шундан сўнг раҳматли отамнинг қариндошлари уйига ҳам сиғмаганмиз. Онамнинг икки оёқлари умуман ишламай қолди. Кейинчалик бир неча йил тоғамнинг уйида яшадик, вояга етмасимдан онам ҳам вафот этди.

Қариндошларим мени турмушга узатишди. Аммо ота-онасиз, ака-ука ёки жигарингиз бўлмаса сизни ҳамма ҳам ҳурмат қилавермас экан. Ортимдан борадиган одам бўлмади, камбағал ва ночорлигим сабабли қизим ва ўғлим билан кўчада қолдим. Онамнинг тақдири такрорланди», — дейди аёл.

Шундан сўнг Очилтош опанинг саргардонлик йиллари бошланади. Ўзи етимликда тортган машаққати, онасини эрта йўқотиб қийналганларидан хулоса қилади. Иродали, машаққатли бўлишга интилади. Кичик-кичик ошхоналарда ишлайди, мардикорчилик қилади, одамлар берган бир бурда нон учун бўлса ҳам ишлайди. Ўн йилдан ошиқ вақт гоҳ ижара уйларда, гоҳ бекатларда, ертўлаларда, ошхоналарда фарзандлари билан яшаб юради.

«Ҳеч қачон қизимни ўзимдан узоқлаштирмадим. Тақдиридан хавотир олдим», — дейди у.

Очилтош опанинг айтишича, баъзан ижарага тўлаш учун пулнинг ўзи бўлмаган. Шу сабабли кўчада қолиб кетган кунлари кўп бўлган. Автобуслар ўтиб кетаверарди. Энг охирги автобуслар қаерга олиб кетайлик, деб сўрашса ҳам индамасди у. Борадиган жойи йўқ эди. Кўчада машиналар сийраклашгач оч-наҳор бекатда ухлашга мажбур бўлган. Дунё эгасиз эмас, бундай вақтларда ўзининг таъбири билан айтганда, уни ППХ олиб кетарди.

«Аёл «мелисалар» берадиган нон-чой билан кун кўрган вақтларимиз бўлган», дейди аёл.

У камбағаллик ва муҳтожлик сабабли мактабни битира олмаган. Табиийки, олий маълумот, тайинли иш жойи ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Шу сабабли кимнингдир уйида, аёллар мардикор бозорида, арзон чойхоналарда ишлаб юришга мажбур бўлган. Шунга ҳам шукр қилган (Аёлнинг оғзидан шу сўз тушмайди). Бу вазиятда унинг қачондир уй сотиб олиши бу ҳақиқатан ҳам ўзи айтгандек туш, хаёл эди.