Талабалар – шаҳарлар кўрки. Аммо шаҳарлар талабаларни яна одатий муаммо – турар жой излаш ва қиммат нархлар билан кутиб олади.
Шу йил 20 апрель куни президент Шавкат Мирзиёевнинг ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоялаш борасида фармони қабул қилинганди.
Унга кўра, ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган давлат олий таълим муассасалари талабаларининг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши айтилган.
Хўш, 1 майдан амалга киритилган фармон ижроси янги ўқув йилида қандай тартибда ижро этилади?
Kun.uz мухбири Олий таълим вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Сардорбек Усмонов билан боғланди ва мавзу бўйича қатор саволларга жавоб олди.

— Сардорбек ака, фармон ўтган ўқув йилининг сўнгги ойлари учун ҳам амал қилган. Лекин ўқишлар онлайн тарзда ташкил қилингани учун кўпчилик бу ёрдамдан фойдаланмаган. Хўш, янги ўқув йилидан унинг ижроси қай тартибда таъминланади?
— Ҳақиқатан ҳам фармонда ётоқхона билан қамраб олинмаган, ота-онасига тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларнинг 60 фоизига улар томонидан тўланадиган ойлик ижара тўловининг 50 фоизи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилиши белгиланган.
Фармон билан киритилган янги тартиблар май ойидан бошлаб ижро этилиб келинмоқда.
Шу ўринда яна бир муҳим жиҳатни эслатишим керак: бу имтиёз фақат давлат олий таълим муассасаларида таҳсил оладиган талабаларга тааллуқли.
Якунига етган ўқув йили охирида 43 та давлат олий таълим муассасаларидан келиб тушган аризаларга мувофиқ май-июнь ойлари учун 3163 нафар талабага 920 миллиондан зиёд маблағ давлат бюджети томонидан тўлаб берилди.
Рақамлардан кўринадики, ўтган ўқув йилида имтиёз учун талабгор бўлганлар сони кўп бўлмади. Қайси талаба расмий ижара шартномаси билан келиб мурожаат қилган бўлса, уларнинг барчасига маблағлар тўлаб берилган. Янги ўқув йилида ҳам шу тартибга амал қилинади.
Вазирлик давлат олий таълим муассасалари ректорлари ва филиаллар директорларига фармон ижроси бўйича барча керакли тавсияларни берган.






