Жорий йилнинг 16 июн куни Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълим тизимидаги устувор вазифаларга бағишлаб видеоселектор ўтказилганди. Унда белгилаб берилган устувор йўналишлар ҳамда Термиз давлат университетини 2021-2023 йилларда инновацион ривожлантириш ва таълим сифатини таъминлаш дастури қабул қилиниб, шу асосда янги ўқув йилига тайёргарлик кўрилди.
Бугунги кунда университетнинг 58 та бакалавриат ва 31 та магистратура таълим йўналишларида 23271 нафар (ушбу талабалардан 208 нафарининг имконияти чекланган, 25 нафари эса чин етимлар) талаба таҳсил олмоқда. Магистрлар 2020-2021 ўқув йилида 2017 йилга нисбатан қарийб 8 баробарга ошган. Университетда 1200 дан ортиқ профессор-ўқитувчилар штати мавжуд, амалда 730 нафар профессор-ўқитувчилар фаолият кўрсатмоқда. 450 штат бирлигида профессор-ўқитувчиларга эҳтиёж бор. Ушбу эҳтиёжни қоплаш мақсадида бу йил 196 нафар магистратура битирувчилари, 110 нафар бошқа ОТМларда фаолият юритаётган сурхондарёлик мутахассислар, бундан ташқари, ўриндошлик асосида 150 га яқин республиканинг етакчи ОТМлари профессор-ўқитувчилари университетга жалб этилмоқда.
Айтиш мумкинки, ўтган ўқув йили университет жамоаси учун муваффақиятли бўлди. Хусусан, жисмоний маданият факультети талабаси Умарбек Шоҳназаров “Йил талабаси-2020” танловининг республика босқичида “Йилнинг энг яхши спортчи”си деб топилгани бизга фахр берди. Маълумот ўрнида айтиш мумкин, бугунги кунда университетда 2 нафар жаҳон чемпиони, 4 нафар Осиё чемпиони ва 36 нафар нуфузли халқаро мусобақалар, Ўзбекистон чемпионати ғолиб ва совриндорлари таҳсил олмоқда.

Жорий йилнинг март ойида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида кураш спорт тури бўйича ўтказилган “Вазир кубоги” мусобақасида асосий таркиби Термиз давлат университети талаба-ёшлари бўлган Сурхондарё жамоаси биринчи ўринни эгаллаб, “Вазир кубоги”ни қўлга киритишди. Бундан ташқари, Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида бўлиб ўтган “Универсиада-2020” спорт мусобақаларининг кураш бўйича финал босқичи Термизда ўтказилди. Ушбу мусобақада университетимиз талабалари жамоа ҳисобида учинчи, Универсиада якуни бўйича умумжамоа ҳисобида бешинчи ўринни эгаллади. Натижада, ёшларимизнинг спорт соҳасидаги ютуқларига катта ҳисса қўшган жисмоний маданият факультети ўқитувчиси Абдураззоқ Устоев “Ўзбекистон спорт фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Спортдаги ютуқлар бошқа йўналишларда ҳам давом этди. “Учинчи ренессанс – ёшлар нигоҳида” танловида докторантларимиз Азиза Холбоева ва Хуршид Эшмуродов муаллифлигидаги лойиҳа ҳудудий босқичда ғолиб топилди. 2020 йил декабр ойида олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Конституция – фаровон ҳаётимиз пойдевори” мавзусида ўтказилган “Энг яхши иншо” республика танловида биринчи ўрин тарих факультети талабаси Азиза Рўзимаҳматовага насиб қилди.























