Америкаликлар Кобул аэропортини ҳам тарк этгач толиблар мамлакат тўла мустақил бўлгани ҳақида эълон қилишди, аммо Афғонистон ҳали тўлиқ уларнинг назоратига ўтгани йўқ. Толибларга таслим бўлмаган яна бир ҳудуд қолган. Бу Панжшер дараси. Ҳозирда у ерда афсонавий қўмондон, ўз вақтида советларга қарши, кейинроқ «Толибон»га қарши муваффақиятли кураш олиб борган Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд бошчилигида қаршилик ҳаракати отрядлари тузилган. BBC қаршилик ҳаракати режалари ҳақида ҳикоя қилади.

«Толибон»га қаршилик ўчоқлари Афғонистоннинг турли нуқталарида мавжуд бўлган. Сурат март ойида Ҳилманд вилоятида толибларга қарши кучлар позициясида олинган. Аммо ҳозирда мамлакатда толибларга қарши кучлар маркази - бу Панжшер.

Толиблар бутун Афғонистонни эгаллашга уриниши фонида тарих такрорланди. Кобулдан шимоли-шарқда жойлашган Панжшер вилояти қаршилик ҳаракати марказига айланди. Бу ерда Аҳмад Масъуд ўзини қаршилик кучлари етакчиси ва водийни толиблар таъқибидан қочганлар учун ишончли бошпана деб эълон қилди. Афғонистон президенти Ашраф Ғани БААга кетгач, вице-президент Амрилла Солиҳ ўзини вақтинча президент вазифасини бажарувчи деб эълон қилиб, афғонларни толибларга қарши кураш олиб боришга чорлади.

Миллий қаршилик фронти вакили Али Назарий «Толибон»нинг 23 август куни Панжшерга ҳужум қилишга урингани, аммо мағлуб бўлиб, ортга чекинганини маълум қилди. Шундан сўнг томонлар ўртасида тинчлик музокаралари учун ҳаракатлар олиб борилмоқда ва ҳамон натижага эришилмади.

«Биз қаршилик ҳаракати учун минглаб жангчиларни тўпладик: бизда аввал махсус кучларда ва диверсия бўлинмаларида хизмат қилган йигитлар бор, Панжшерда ҳарбий тайёргарликдан ўтган маҳаллий отрядларимиз ва қўшни вилоятлардан келган бошқа кучлар бор», деган BBC билан суҳбатда Афғонистон миллий қаршилик фронти вакили Али Назарий.

Унинг баёнотларини мустақил манбалар орқали тасдиқлаш ёки инкор этишнинг ҳозирча имкони йўқ.

«Дарадаги ҳарбий вазият айни вақтда барқарор. Панжшер яхши қўриқланмоқда ва мустаҳкам. Сўнгги тўрт йил мобайнида бу ерга ҳеч ким кира олмаган, дара енгиб бўлмас қалъа бўлиб қолмоқда. Ишончимиз комилки, шундайлигича давом этади ва бирорта босқинчи бизнинг ҳудудимизга кириб кела олмайди», дейди Назарий.

Форс тилидан таржима қилинганда Панжшер «беш шер» маъносини англатади. Афсонага кўра, Яратган томонидан берилган куч-қудратга эга бўлган беш ака-ука бир кечада дарё йўлига улкан тўғон қуришган. Бундай тўғон бугунги кунда ҳам мавжуд. Қаршилик фронтининг ҳаракатлари қанчалар муваффақиятли бўлиши борасида эса фикрлар хилма-хил.