Қайд этилишича, у ерда жамоатчилик ватан фидойилари, миллий истиқлол йўлида қурбон бўлган аждодлар хотирасини ёд этиш учун йиғилди. Қуръон тиловат этилиб, ўтганлар ҳақига дуо қилинди. Элга ош тортилди.

Маълум қилинишича, мустабид тузум даврида юрт озодлиги учун курашган 100 мингдан ортиқ ватандошлар қатағонга учраган. Уларнинг қанчаси “халқ душмани” деган туҳмат билан шафқатсиз отиб ташланган. Яна қанчаси сургун қилиниб, азоб-уқубатларга дучор этилган. Оилалари пароканда бўлиб, мол-мулклари тортиб олинган. Бу мудҳиш жиноятдан муштипар момолар, оналар ҳам омон қолмаган. Минглаб аёллар бева, болалар етим қолган.

“Бу нафақат уларнинг авлодлари, балки бутун халқимиз юрагидаги оғриқдир. Шу боис орадан шунча вақт ўтса-да, барчамиз ўша мудҳиш даврни изтироб билан эслаймиз”, дейилади маълумотда.

2001 йилдан буён 31 август – “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида нишонлаб келинмоқда. Ватан фидойиларининг ҳаёти ва меросини ўрганиш, хотирасини абадийлаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидланишича, бу йил Шаҳидлар хотираси хиёбонида бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. “Қатағон қурбонлари хотираси” музейи биноси реконструкция қилинди.

Давлат раҳбари ушбу музейни кириб кўрди. У ерда яратилган шароитлар, тарихий ҳужжатлар билан танишди.

- Кўриниб турибдики, катта салоҳиятга эга етакчилар, олимлар, адиблар, шифокорлар, ўқитувчилар қатағон қилинган. Улар халқимизнинг энг сара вакиллари эди. Мустабид тузумга миллат кўзини очадиган, унга ўзлигини танитадиган зиёли инсонлар керак эмас эди. Уларнинг айби - буюк бўлгани, - деди Шавкат Мирзиёев.

Афсуски, шу пайтгача қатағон қурбонларининг тўлиқ рўйхати шакллантирилмаган эди. 2020 йил 8 октябрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармойиши қабул қилинди.

Тарихчи олимлар жалб этилиб, зулм қурбони бўлган барча инсонларни аниқлаш ва номларини тиклаш бўйича катта ишлар бошланди. Чет эллардаги архив ва музейлар, кутубхона ва фондлар билан ҳам ҳамкорлик йўлга қўйилиб, илмий экспедициялар ташкил этилмоқда. Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Фанлар академияси ва бошқа ташкилотларнинг архивларидан янги-янги маълумотлар топилмоқда.