Тожикистон президенти Имомали Раҳмон Афғонистон собиқ президенти Бурҳониддин Раббоний ва дала командири Аҳмад Шоҳ Масъудни ўлимидан сўнг I даражали Исмоил Сомоний ордени билан мукофотлади. 

Раббоний ва Масъуд 1990-йиллардаги тожиклараро низони ҳал этишга қўшган ҳиссаси учун орден билан мукофотланди, дейилади Тожикистон президенти сайтида.

Исмоил Сомоний ордени Тожикистоннинг олий давлат мукофоти ҳисобланади.

Бурҳониддин Раббоний 2011 йил сентябрда ўлдирилган. У толиблар вакиллари билан учрашув чоғида содир бўлган портлаш оқибатида ҳалок бўлган. Полициянинг тахминига кўра, у билан учрашганлардан бирининг салласига яширилган бомба портлаган.

Панжшер шери номи билан танилган Аҳмад Шоҳ Масъуд 1990-йилларда Афғонистонда толибларга қарши курашган «Шимолий альянс»га раҳбарлик қилган. У 2001 йилда ўлдирилган.

Ҳозирда Аҳмад Шоҳ Масъуднинг ўғли Аҳмад Масъуд Панжшер вилоятида толибларга қарши кучларга раҳбарлик қилмоқда. Панжшер толиблар назоратига ўтмаган ягона вилоят бўлиб турибди.