Иқтисодда шундай қонун бор – талаб бор экан, таклиф туғилади. Яъни ҳар қандай маҳсулотга юқори талаб бор экан, уни таклиф қилувчилар ва бунинг ортидан даромад олувчилар синфи шаклланиши керак. Лекин бир қарашда оддий бу қонун ижара каби ижтимоий масала қаршисида ожиз қолмоқда – йиллардирки Ўзбекистонда ижара муаммолигича турибди.

Хўш, нега одамлар пулини тўлаб хотиржам яшай олмайди? Ахир деярли ҳар қандай иқтисодий муносабатда маҳсулот ёки хизмат пулнинг ортидан қувиб юради-ку?

Субъектив хулосаларимизга кўра бунинг бир неча сабаблари бор:

1. Ўзбекистонда ҳануз уй-жой билан таъминланиш бўйича жиддий муаммо бор, яъни алоҳида бошпанага эга бўлмаганлар сони жуда катта. Бу табиий талабни келтириб чиқаради.

2. Иккинчи сабаб биринчисига бевосита боғлиқ – шундоқ ҳам ўзидан орттира олмаётганлар орасидан бир неча уй-жой ёки хонадонни ижарага бериш ортидан даромад қилувчилар синфи ажралиб чиқиб, шаклланиб улгурмаяпти.

3. Бир қарашда жуда фойдали бизнесдек туйилса-да, ижарага яшовчилар наздида уй эгалари йўқ жойдан пул топаётгандек бўлсада, хонадонни ижарага бериш у қадар даромадли иш эмас. Мана оддий мисолларга эътибор беринг: Тошкентда қуйи сегментдаги 2 хонали квартиранинг ўртача нархи 30 минг АҚШ доллари атрофида. Бу нархи энг паст – яъни таъмир ва жиҳозларсиз кўчмас мулк. Бундай хонадонни ижарага бериш орқали ойига 200-250 АҚШ доллари даромад қилиш мумкин. Яъни тикилган пулнинг 1 фоизи ҳам чиқмайди. Яна бу пулдан хонадонни сақлаб туриш бўйича чиқимларни ҳам чегириш лозим.

Маълумотларга кўра, муваффақиятли ишлаётган умумий овқатланиш тизимида даромад 25-30 фоиз, транспортда 20-25 фоиз, савдода эса ўртача 10-15 фоизни ташкил қилади. Шундай экан, бугунги кунда узоқни кўзлаган тадбиркор ойига бир фоиз ҳам даромад келтирмайдиган бизнесга пул тикмайди.

4. Ўзбекистонда хорижий давлатлардаги каби “даромад уйлари” (доходный дом) бизнеси шаклланмаган. Айнан мана шундай уйлар арзон ижарага бўлган юқори талабни қондиришга хизмат қилади. Бизда ҳам абжир тадбиркорлар, уста қурувчилар бор. Айримлари бу ҳақда ўйлаб кўрган бўлишлари ҳам мумкин. Лекин бизнинг тадбиркорларимиз узоқ муддатли лойиҳаларга пул тикишни хуш кўришмайди. Бунинг ўрнига уларга уй қуриб сотган бир неча карра афзал. Битирдинг, сотдинг, даромадни олдинг, бас!

Шу боис, тўлиғича ижарага бериладиган кўп қаватли уйларни айниқса Тошкентда ҳануз учратмадик.