Анъанага кўра олимпиада ўйинларидан кейин паралимпиада ўйинлари ҳам ўтказилади. Коронавирус сабаб 5 йил кутилган бу галги баҳсларда ҳам ўзбекистонлик спортчилар муносиб иштирок этишди. 8 та олтин, 5 та кумуш ва 6 та бронза медалини қўлга киритган ўзбекистонлик атлетлар умумжамоа ҳисобида 16-ўринни эгаллашди.

Паралимпиада мусобақалари ўзбекистонлик атлетларнинг муваффақиятли иштирокидан ташқари бутун дунёдан келган иродали атлетларнинг мардонавор чиқишлари билан ҳам ёдда қолди. Бу ўйинларда қатнашаётган ҳар бир атлет тақдирнинг соғлом одамларни четлаб ўтган оғир синовларига дуч келган. Шунга қарамай, минглаб атлетлар спортга ошно тутуниб, катта мусобақаларни кутиб яшайди. Бу эса уларга яшашга бўлган интилиш беради.

Паралимпиаданинг оддий олимпиададан устунлиги шундаки, уни кўрган миллионлаб танасида қандайдир нуқсони бор одамларда ҳам спорт билан шуғулланиш истаги пайдо бўлади. Бугунги паралимпиада қатнашчилари ҳам вақтида кимнингдир ўзи каби синовларга дош бериб спортчи бўлганини кўриб, залга боришни бошлаган ахир.

Шунингдек, қўлсиз, оёқсиз ҳатто кўзи ожиз бўлатуриб спорт билан соғлом инсонлар каби шуғулланаётган бу қаҳрамон инсонларни кўриб миллионлаб соғлом инсонларда шукроналик ҳисси ҳам пайдо бўлса керак. Спортчилар хафа бўлишмасин, паралимпиада оддий олимпиададан мана шу жиҳатлари билан яхшироқдир.

Бу ўйинларда қатнашган ҳамма ҳам совриндор бўлолмайди, лекин шуниси аниқки, паралимпиада баҳсларида иштирок этган, мураббийлик қилган барча инсонлар чинакам қаҳрамонлардир. Тақдирнинг синовига лаббай деб жавоб бериб, курашишда давом этаётгани учун ҳам қаҳрамон улар. Қуйида Токио паралимпиадасида мардонавор иштирок этган атлетларнинг иштирокларини суратларда томоша қилишингиз мумкин.

Нидерландиялик Шанталь Зейдервелд 100 метрга сузиш баҳсларида қўлга киритган олтин медалини нишонламоқда
Америкалик парабаскетболчилар Майкл Пайе ва Мэтт Скотт Япония мағлуб этилган «олтин» ўйиндан кейин
Австралиялик Мэдисон де Розарио марафонда маррага биринчи, швейцариялик Мануэла Шаер иккинчи бўлиб кириб келмоқда