Ўзбекистон | 11:59 / 09.09.2021
5889
2 дақиқада ўқилади

2023 йилдан бошлаб ҚҚС ставкаси 12 фоизга туширилади, юридик шахслар учун ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади - Президент

2023 йилдан бошлаб қўшилган қиймат солиғи ставкаси 15 фоиздан 12 фоизга туширилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.

“2020 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга туширган эдик. Бу – 100 минг тадбиркор ихтиёрида 10 триллион сўм маблағ қолади, дегани. Энди, зарур тайёргарлик кўрган ҳолда, 2023 йилдан бошлаб ушбу солиқ ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга туширамиз.

Келгуси йили корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилади ва бунинг натижасида тадбиркорлар ихтиёрида йилига 500 миллиард сўм маблағ қолади. 

Яна бир янгилик – 2023 йилдан юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини бирлаштириб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади.

Ҳозирги вақтда банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси ҳар хил бўлиб, улар амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга туширилади ва барча тадбиркорлар учун бир хил бўлади. 

Йўл қурилиши, иссиқлик таъминоти, ободонлаштириш хизматлари каби  25 та фаолият туридаги монополияга барҳам берилиб, энди бу соҳаларда тадбиркорлик субъектларига кенг йўл очилади.

Туман ва шаҳарлардаги мавжуд бир нечта тадбиркорликка кўмаклашадиган тузилмалар негизида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади”, деди президент.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид