2020 йилда ҳукумат қарори билан Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани Ўқитувчилар кўчасида жойлашган турар жой бинолари давлат эҳтиёжлари учун олиниши сабабли у ерда яшовчи аҳоли Тошкент вилояти Қибрай тумани Дўрмон қишлоғига кўчирилган.

Бироқ ҳудудга газ, электр энергияси, сув каби яшаш учун энг зарур тармоқлар улаб берилмаган. Орадан 1 йил ўтибдики, шаҳардан қишлоққа кўчган 100 дан ортиқ хонадон аҳли бирламчи шароитларсиз яшамоқда.

Фуқаролар тегишли ташкилотларга мурожаат қилгани, аммо натижа бўлмаганини айтишади. Бундан бир ой илгари эса аҳоли ҳолат юзасидан Олий Мажлис Сенатига шикоят қилади. Воқеага бефарқ бўлмаган сенаторлар жараённи ўрганиб, фуқаролар эътирози асосли эканини эътироф этишади.

9 сентябр куни Қибрай туман ҳокимлигида мазкур ҳудуддаги муаммолар ечими бўйича аҳоли ва тегишли ташкилотлар мутасаддилари иштирокида мулоқот ўтказилди.

“Оилам билан 5 йилдан бери квартирада яшайман. Ойига 500 доллар тўлаймиз. Дўрмондаги уйимиз тайёр, қуриб бўлинган. Лекин сув, газ бўлмаса, қандай кўчиб борамиз?! Шаҳардаги еримизни олиш учун бизни алдаб, буёққа кўчиришди”, – дейди фуқаро Шуҳрат Ушуров.

Мурожаатчиларга кўра, ўтган вақт мобайнида баъзилар ижарада яшаб келади, айримлар уй қурган бўлса-да, шароит йўқлигидан у ерда ҳаёт кечиролмаяпти. Афсус билан таъкидланганидек, ҳатто ҳудудга нималар қурилиши, уйлар ва кўчалар қандай жойлашиши бўйича бош режа ҳам мавжуд эмас. Шу сабабли ҳам тартибсиз қурилган уйлар бузилиши мумкинлигидан хавотирлар ҳам йўқ эмас.

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев ҳудуднинг қурилиш режаси бўлмаса, электр ҳам, газ ва сув ҳам улаб бўлмаслигини айтди.

Шерзод Хўжаев

“Электр ва газ таъминоти масаласини ечиш учун ҳукумат қарори қабул қилинган. Маблағ ҳам бор. Энг катта муаммо техник жиҳат билан боғлиқ. Бугунги кунга қадар массивнинг бош режаси йўқ. Қаердан кўча ўтади, қаерга ижтимоий соҳа объектлари қурилади, қуввати қанақа бўлади, деган тушунчага эга эмасмиз. Шунинг учун электр ва газ муаммоларини ҳал қилиш учун Тошкент вилояти ҳокимлиги тасдиқлаган бош режа керак. Ваъда бераман, бош режа тасдиқланса, узоғи 10 кун ичида лойиҳа ҳужжатларимизни ишлаб чиқамиз”,