Ёдингизда бўлса Тошкент шаҳар ҳокимлиги тадбиркорга ўз вақтида 1 млн доллар бўлган мулк учун товон пулини тўламаётгани ҳақида мақола эълон қилган эдик. Унда “Тулпор савдо уйи” МЧЖга тегишли 55 сотих ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилгани ва 2035 кв.м. майдон бўлган биноси компенсация ва ер майдони кейинчалик беришга доир оғзаки ваъдалар билан 2011 йилда бузиб ташлангани, ўрнига 15 сотих бўш ердан бўлак ҳеч вақо берилмагани айтилганди.
Тошкент шаҳар иқтисодий суди кассация инстанциясининг қарори билан тадбиркорга 2 млрд 21 млн сўм товон тўлаш бўйича ижро варақаси шу йилнинг 1 февралидан бери ижро этилмай келаётгани маълум қилинганди.
Kun.uz ихтиёрига келиб тушган ҳужжатга кўра, ҳокимлик томонидан товон пули тўлашда “икки хил” стандартга йўл қўйилаётган бўлиши мумкин. 2021 йил 11 август куни Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Шакиров раислигида бўлиб ўтган Тошкент шаҳар ҳудудий кузатув кенгаши йиғилишида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғармадан маблағ ажратиш масаласи кўриб чиқилган.

Унда 17та тадбиркорлик субъекти ва жисмоний шахслардан келиб тушган ариза кўриб чиқилиб, йиғилиш натижаси бўйича 15та тадбиркорлик субъекти ва жисмоний шахсларга жами 8 млрд 571 млн сўм товон пули тўлаш бўйича Тошкент шаҳар ҳокими қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш ҳақида хулоса қилинган.



Ушбу ҳужжатга илова қилинган маълумотномада Kun.uz ўрганган ишга ўхшаш ҳолат кўзга ташланади. Яъни, бу фирманинг ҳам кўчмас мулки бузилган, ер майдони давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган. Компенсация қисман қаноатлантирилган. Бу фирма судга мурожаат қилмаган бўлса-да, Ҳудудий кузатув кенгаши мазкур МЧЖга орадаги тафовут – 1 млрд 715 млн сўмни товон пули сифатида тўлашга қарор қилади.


















