Financial Times нашрида замонавий Ўзбекистонга бағишланган махсус ҳисобот чоп этилди. 11та мақоладан иборат ҳисоботдан иқтисодий ўсиш, хусусийлаштириш, халқаро бозорларга кириш, яшил энергетика, рақамли иқтисодиёт, инсон ҳуқуқлари, минтақавий халқаро муносабатлар, аҳолишуносликка доир мақолалар ўрин олган.
Ҳукуматнинг юқори даражасида аниқ таъсирга эга бўлган чет элликларнинг бўлиши Марказий Осиёда камдан кам учрайдиган ҳолатдир. Ўтган йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон президентининг иқтисодий ривожланиш, самарали бошқарув ва халқаро ҳамкорлик масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинланган Сума Чакрабарти шундай инсонлардан бири. Унга Тошкентга халқаро инвесторлар, молиячилар ва корпорацияларни жалб қилиш бўйича фаолият олиб бориш ҳам юклатилган.
Financial Times ўз мақоласида мутахассиснинг Тошкентдаги фаолияти ва мамлакатдаги ўзгаришлар юзасидан билдирган фикрларини келтириб ўтган.
Сума Чакрабартининг ўзи ушбу қарорни қуйидагича изоҳлаган:
«Мен тайинланишимнинг ғайриоддий эканига қўшиламан. Менимча, бу чорак асрлик нисбий изоляциядан сўнг Ўзбекистон ҳукуматига халқаро тажрибага эга бўлган ва янги маъмурий ислоҳотларининг «сифатини таъминлаш» билан алоқаси бор одамга муҳтожликни тушунишдан келиб чиққан деб ўйлайман», — дейди у.
Аввалги Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари лавозимида мутахассис илк бор 2017 йил бошида Шавкат Мирзиёев билан учрашган.
Сума Чакрабарти 2012 йил июлидан 2020 йил июлигача ЕТТБ президенти бўлиб ишлаган. ЕТТБга раҳбарлик қилишдан аввал у Халқаро тараққиёт департаментининг доимий котиби (2002-2007) бўлган ва Бирлашган Қиролликнинг Адлия вазирлигида (2007-2012) ишлаган.
«Мен шахсан президентга ва у орқали тегишли ташкилотларга маслаҳатлар бераман. Президентни асосан, иқтисодий ривожланиш, Ўзбекистоннинг халқаро молия бозори билан муносабатлари ва давлат бошқарувини қандай яхшилаш соҳаларидаги маслаҳатлар кўпроқ қизиқтиради».
Чакрабарти лавозимдаги биринчи йили давомида иқтисодий ислоҳотлар дастурини ишлаб чиқишга кўмаклашди. Мазкур дастур жорий йилнинг июль ойида Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланди. Дастурдаги йўл харитаси ўсишни рағбатлантириш учун ўнлаб янги ташаббусларни, кичик бизнес субъектлари учун янги солиқ кодекси ишлаб чиқиш, коррупцияга қарши қонунни янгилашдан тортиб, авиация ва темир йўл соҳасидаги активларни хусусийлаштиришгача қаратилган ҳаракатларни ўз ичига олади.
















