14:56 / 13.09.2021
2327

Самарқандда талассемия билан оғриган беморларга ёрдам кўрсатиш фонди очилди

Самарқанд шаҳрида талассемия билан оғриган беморларга ёрдам кўрсатиш мақсадида Ўзбекистондаги илк фонд очилди. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, унинг очилиш маросимида республиканинг турли бурчакларидан етакчи гематологлар, эндокринологлар, профессор ва олимлар иштирок этган.

Талассемия билан оғриган беморларга ва уларнинг оилаларига ёрдам бериш мақсадида Ўзбекистонда биринчи марта Самарқанд шаҳрида Талассемия фонди ташкил этилди. Жорий йил 11 сентябрь куни вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида унинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Фонд мазкур тиббиёт маркази билан ҳамкорликда ишлайди ва фонднинг офиси ҳам шу ерда бўлади.

Очилиш маросимида республиканинг турли бурчакларидан етакчи гематологлар, эндокринологлар, профессор ва олимлар ҳамда турли фондлар раҳбарлари иштирок этишди.

Талассемия фондига Самарқанд шаҳрида яшовчи Феруз Давронов раҳбарлик қилади. Ф.Давроновнинг айтишича, фарзандлари шу дардга чалинган ва у ўз вақтида болаларининг даволаниши учун бор маблағларини ҳамда уйини сотиб унинг пулларини сарфлаган.

Талассемия кам учрайдиган, аммо жиддий ирсий касаллик бўлиб, гемоглобин тузилиши ва функциясининг бузилишига олиб келади. Бундай касалга чалинган беморлар доимий равишда қиммат дори-дармонлар билан даволаниб юришга мажбур бўлишади. Шунингдек, уларда доим қон танқислиги кузатилади.

Қайд этилишича, талассемия касаллиги асосан яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳлардан туғилган болаларда учрайди. Бугун Ўзбекистонда талассемия билан оғриган 200 дан ошиқ бемор рўйхатга олинган. Уларнинг асосий қисми Сурхондарё, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида яшайди.

Top