Якунланган ҳафта хориж чемпионатларида тўп сураётган ўзбекистонлик легионерлар учун омадли ўтди. Еврокубоклар ва ОЧЛ олдидан ҳамюртларимиз ўз клубларида ўзларини кўрсата олишди. Элдор Шомуродов «Рома»нинг А Серия пешқадами бўлиб олишига ёрдам берган бўлса, Жасур Яхшибоев Чемпионлар лигаси 1-тури олдидан «Шериф» клуби сафидаги дебютида ўз номига гол ёздириб қўйди. Хориждаги легионнинг дам олиш кунларидаги натижаси билан танишинг.
Италия: Шомуродовда ассист, «Рома» А Серияда 1-ўринга кўтарилди
Италия чемпионати 3-турида «Рома» ўз майдонида «Сассуоло»ни қабул қилиб, қўшиб берилган дақиқаларда ғалабани илиб кетди.
Биринчи бўлимда Кристанте ҳисобни очди, иккинчи бўлим бошида Журичич мувозанатни тиклади. 74-дақиқада Дзаньоло ўрнига захирадан майдонга тушган Шомуродов 90+1-дақиқада жарима майдони ичида Эль-Шааравини тўп билан таъминлади, Стефан эса супергол уриб, римликларга муҳим 3 очкони келтирди.
Натижада, «Рома» очколарини 9тага етказиб, тўплар нисбатига кўра А Серияда пешқадам бўлиб олди. Римликлар навбатдаги ўйинда пайшанба куни Европа Конференциялар лигаси 1-тури доирасида Болгариянинг ЦСКА клубига қарши майдонга тушишади.
Молдова: Яхшибоев дебютида гол ва ассистга муаллифлик қилди
Молдова миллий дивизиони 9-тури доирасида «Шериф» ўз майдонида «Петроклуб» жамоасини қабул қилиб, 2:0 ҳисобида зафар қучди.

Шу куни Тирасполь клуби сафида Жасур Яхшибоев ўз дебютини ўтказди. Ўзбекистонлик 24 ёшли ҳужумкор яримҳимоячи захирадан майдонга тушиб, 71-дақиқада голга ассистентлик қилган бўлса, 77-дақиқада янги клубидаги илк голини киритди.
«Шериф» навбатдаги ўйинни Европа Чемпионлар лигаси 1-тури доирасида ўз майдонида «Шахтёр»га қарши ўтказади. Баҳс чоршанба куни соат 21:45да бошланади.



















