Деновда фуқаронинг калтаклаб ўлдирилиши юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов тугалланиб судга юборилди
Деновда профилактика инспекторининг ёрдамчилари фуқарони уриб ўлдириб қўйгани юзасидан жиноят иши қўзғатилган эди. Сурхондарё вилояти прокуратурасининг хабар беришича, мазкур жиноят иши бўйича ўтказилган тергов тугалланган. Жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун вилоят судига юборилган.
Маълум қилинишича, 2021 йил 10 июль куни Денов тумани Оқтом маҳалласида яшовчи Ю.Хушматов туман ИИО ФМБга акаси Х. Хушматов яшаш уйида жанжал қилиб тинчлигини бузаётганлиги ҳақида хабар берган.
Шунга асосан, туман ИИО ФМБ профилактика инспектори ва унинг икки нафар ёрдамчиси Ҳ.Хушматовнинг хонадонига келишган ва уни автомашинага ўтказиб, туман ИИБга олиб кетишган.
Йўлда профилактика инспекторининг ёрдамчилари Ҳ.Хушматовни бир неча бор уриб, тан жароҳати етказган. Оқибатда Ҳ.Хушматов 11 июль куни шифохонада вафот этган.
Ҳолат юзасидан Денов тумани прокуратураси Жиноят кодексининг 104- ва 206-моддалари билан жиноят иши қўзғатган. Мазкур жиноят иши юзасидан ўтказилган тергов давомида Х.Ш. ва Т.Ф. га нисбатан 2021 йил 12 июль куни Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми «д» ва 206-моддаси 1-қисми билан айблов эълон қилинган. Уларга нисбатан Жиноят ишлари бўйича Денов туман судининг шу кундаги ажрими билан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Шунингдек, Денов туман ИИБ профилактика инспектори С.П. га нисбатан 2021 йил 12 август куни жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми ва 208-моддаси билан айблов эълон қилинган. Унга нисбатан муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эҳтиёт чораси қўлланилган.
Қайд этилишича, мазкур жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари тамомланиб, кўриб чиқишлик учун айблов хулосаси билан вилоят судига юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Деновда фуқаронинг профилактика инспектори ёрдамчилари томонидан калтаклаб ўлдириши унинг турмуш ўртоғи бу ҳақда ижтимоий тармоқлар орқали видеомурожаат қилгандан сўнг омма эътиборига тушди. Шундан сўнг Бош прокуратура ва Сенат бу ҳодиса юзасидан муносабат билдирди.
Аёл жорий йил 29 июл куни тарқалган видеосида айбдорларга “18 кундан бери ҳеч ким чора кўрмаётгани”ни айтган. Расмий ахборотда эса икки гумондор Хушвақтов вафот этганининг эртасига, жорий йид 12 июл куни қамоққа олингани айтилади.
Таъкидлаш керак, Бош прокуратура ва Сенат аёлнинг видеомурожаати тарқалганидан кейин ҳолатга муносабат билдирди, ваҳоланки, воқеа аёл мурожаатидан 18 кун олдин, 11 июль куни рўй берган.
Мавзуга оид
22:25 / 12.11.2024
Суд Поп тумани ҳокимининг ўғлини қамоққа қайтарди
10:16 / 12.11.2024
Фарғонада танишини ўлдириб, уйига ўт қўйган аёлга ҳукм ўқилди
08:48 / 09.11.2024
Кўп квартирали уйларни бошқариш органи қарзни судда ундиришда олдиндан давлат божини тўлашдан озод қилинди
19:12 / 31.10.2024