Тошкент шаҳрида қоидабузарликни аниқловчи янги қурилма синовдан ўтказилмоқда
Тошкент шаҳри йўлларида қоидабузарликни аниқловчи янги қурилма синовдан ўтказилмоқда. Бу ҳақда пойтахт ИИББ хабар берди.
Қайд этилишича, республика ҳудудидаги автомобил йўлларида йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, қоидабузарликларга чек қўйиш ва ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл-патрул хизмати ходимларига бириктирилган махсус хизмат автомобилларининг том қисмига махсус янги қурилма ўрнатилмоқда.
Мазкур қурилманинг олд, орқа ва ён томонида кузатув камералари бўлиб, транспорт воситаси тўхтаб турган вақтида ҳам, ҳаракат вақтида ҳам 360 даражадаги радиусга эга бўлган масофада ҳайдовчилардан томонидан содир этилган қоидабузарликларни аниқлайди.
Махсус транспорт воситаси тўхтаб турган ва ҳаракатдаги вақтда ўзи билан бир йўналишда ҳамда қарама-қарши йўналишдаги транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан тўхташ ва тўхтаб туриш, ҳаракатланиш тезлигини меъёридан ошириш, светофорнинг тақиқловчи чироғига амал қилмаслик, тақиқловчи чироқда тўхтаб турган вақтда тўхташ чизиғини босиш қоидабузарликлари, давлат рақам белгиси орқали автомобилнинг қидирувда ёки қидирувда эмаслигини аниқлайди.
Қурилма қоидабузарликларни онлайн тарзда қайд этиб, фуқаронинг яшаш манзилига жарима қўллаш тўғрисидаги қарор юборилади.
Ушбу қурилма ҳозирда Тошкент шаҳрида синовдан ўтказилмоқда. Синов якунлангандан сўнг, республиканинг барча ҳудудларида амалиётда қўллаш режалаштирилган.