16:36 / 18.09.2021
14368

Туризм ва спорт вазирлиги «Соғлом турмуш тарзи» платформаси ишлашда давом этаётганини маълум қилди 

Туризм ва спорт вазирлиги «Соғлом турмуш тарзи» платформаси фаолияти тўхталганига оид хабарлар асоссиз эканлиги бўйича расмий муносабат берди.

Фото: Kapital.uz

Вазирликнинг спорт йўналишидаги сайтида 1hls.uz мобил иловаси фойдаланувчиларига пул тўлаш вақтинча тўхтатилгани ҳақида хабар берилди.

“Бироқ ахборот хизмати ходими мақолада асоссиз ва тасдиқланмаган маълумот бергани боис аҳоли орасида бу борада тушунмовчилик пайдо бўлган”, дейилади вазирлик маълумотида.

Қайд этилишича, мазкур платформа бўйича жорий йил 10 июндан 13 сентябрга қадар бир сутка давомида ўн минг ва ундан ортиқ қадам юрган 18 ёш ва ундан юқори ёшдаги Ўзбекистон фуқароларининг платформадаги электрон ҳамёнига жами 9,4 млрд сўм маблағлар тўлаб берилди.

Шу билан бирга, ҳар ойда ҳар бир туман (шаҳар) бўйича энг кўп пиёда юрган шахсга - 300 минг сўмдан, ҳар бир ҳудуд бўйича энг кўп пиёда юрган шахсга - 500 минг сўм, республика бўйича энг кўп пиёда юрган шахсга қўшимча равишда 1 млн сўм маблағ фойдаланувчиларнинг электрон ҳамёнига ўтказиб берилган. Жорий йилнинг июнь-август ойлари давомида эса жами 206,7 млн сўм маблағ фойдаланувчилар электрон ҳамёнига ўтказиб берилган.

“Ҳозирги пандемия даврида аҳоли орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда унга риоя қилиш жуда муҳим. Платформага оид хабарнинг ОАВ ва аҳоли орасида бу қадар кенг тарқалиши унга бўлган қизиқишнинг юқори эканини ва платформа яратиш қарори қанчалик тўғри бўлганини яна бир бор тасдиқлайди.

Шундай экан, Туризм ва спорт вазирлиги ахборот хизмати мазкур хабарни етказишда хатоликка йўл қўйгани учун узр сўраган ҳолда, «Соғлом турмуш тарзи» платформаси ишлашда давом этишини маълум қилади. ОАВ вакиллари ва аҳолини чалғитувчи хабар берган ходимга эса тегишли огоҳлантириш берилганини маълум қилади”, дейилади вазирлик муносабатида.

Top