Ўзбекистон | 14:07 / 20.09.2021
2702
2 дақиқада ўқилади

«Тошкент ва Москвани Марказий Осиёдаги хавфсизлик масалаларидаги умумий манфаатлар бирлаштиради» — Фарҳод Арзиев

Тошкентда бўлиб ўтаётган «Россия ва Ўзбекистон ҳамкорлигининг янги тарихий босқичидаги тараққиёт ва хавфсизлик таҳдидлари» конференциясида сўзга чиққан Ўзбекистон ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев Ўзбекистон ва Россияни Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашдаги умумий манфаатлар бирлаштириши ҳақида айтиб ўтди.

«Тошкент ва Москвани Марказий Осиё ва умуман МДҲда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш, глобал муаммоларни ҳал қилиш, коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этиш, шунингдек, барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш борасида умумий манфаатлар бирлаштиради», дея Арзиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

У Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги стратегик шериклик янада мустаҳкамланиши ва ривожланиши, кейинги ўн йиллик давомида ўзаро ҳамкорликда янги йўналишлар пайдо бўлишини таъкидлади.

«Икки томонлама муносабатларнинг мустаҳкам пойдевори ижтимоий, иқтисодий, илмий ва маданий тараққиётда янги ютуқларга эришиш учун зарур шарт-шароитларни яратишдаги умумий манфаат бўлиб қолмоқда», деди Арзиев.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид