Ўзбекистон | 12:48 / 13.10.2021
4065
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон делегацияси Қўшилмаслик ҳаракатининг юбилей саммитида қатнашди

Фото: ЎзА

11-12 октябрь кунлари ташқи ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Фарҳод Арзиев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Сербиянинг Белград шаҳрида бўлиб ўтган Қўшилмаслик ҳаракатининг юбилей саммитида қатнашди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг Kun.uz’га маълум қилишича, саммитда Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо 120га яқин давлат вакиллари иштирок этди. Илк саммити бундан 60 йил аввал ўтказилган форумда Ҳаракатнинг замонавий дунёда давом этаётган аҳамияти, унинг тинчлик ва хавфсизлик, барқарор ривожланиш ҳамда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ролининг ортиши муҳокама қилинди.

Фарҳод Арзиев ўз нутқида Ўзбекистонда амалга оширилаётган чуқур янгиланишларнинг асосий йўналишлари, барқарор тараққиёт, глобал ва минтақавий хавфсизликни таъминлашга қаратилаётган саъй-ҳаракатлар тўғрисида маълумот берди.

Қўшилмаслик ҳаракати совуқ уруш йилларида АҚШ ёки СССР таъсирига қарши туриш мақсадида, 1961 йил сентябрида Белграддаги конференцияда тузилган, унинг таркибига НАТОга ёки Варшава келишувига аъзо бўлишни истамаган давлатлар — жумладан, Югославия, Ҳиндистон ва Миср каби йирик давлатлар кирганди. Ҳозирда Қўшилмаслик ҳаракати ҳарбий блокларга киришни истамаган 120 давлатни ўзида бирлаштиради, 17 давлат ва 10та халқаро ташкилот кузатувчи мақомига эга ҳисобланади.

Мавзуга оид