Ўзбекистон | 07:32 / 21.09.2021
4386
2 дақиқада ўқилади

Навоий вилоятида 5 та янги МФЙ ташкил этилмоқда  

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида «Навқирон», «Нурафшон», «Мустақиллик», «Ифтихор», «Дўстлик» номли янги МФЙлар ташкил этилмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига халқ депутатлари Қизилтепа тумани кенгашининг мазкур масалага тегишли қарори лойиҳаси жойлаштирилди. 

Қарор лойиҳасига кўра, янги маҳаллалар тумандаги «Ғойибон», «Ғамхўр», «Шейхон», «Консурун» ва «Фурқат» МФЙлар ҳудудида тузилади. Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги кадастр агентлиги эксперт комиссиясининг хулосасига асосан янги тузилаётган маҳаллаларга «Навқирон», «Нурафшон», «Мустақиллик», «Ифтихор» ҳамда «Дўстлик» номи берилиши режалаштирилган.  

Шунингдек, қарор билан тумандаги тегишли масъулларга янги ташкил қилинган маҳаллалар ҳудудида яшовчи аҳолининг фуқаролик паспортларига ўзгартириш киритиш, янгидан тузилган маҳалла фуқаролар йиғинларига номи ёзилган кўрсатгич ва белгилар, пешлавҳаларни замонавий дизайн асосида ўрнатиш, уларни маъмурий бино ва керакли жиҳозлар билан таъминлаш вазифаси топширилган. Қарор муҳокамаси 2 октябрь куни якунланади.

Олдинроқ вилоятнинг Учқудуқ туманида ҳам янги маҳалла ташкил этилганди.

Мавзуга оид