“Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” президент фармони қабул қилинди.

Фармонга асосан, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб:

  • ҳудудида хонадонлар сони мингта ва ундан ортиқ бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларининг ойлик лавозим маошлари 35 фоизга оширилади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини сақлаш билан боғлиқ харажатларни тегишли маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтилади;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш, уларга бухгалтерия хизматини кўрсатиш вазифасини туман (шаҳар) ҳокимликларидан туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимларига ўтказилади;
  • туман (шаҳар) маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси ташкил этилади.

Жамғарма маблағлари асосан қуйидаги манбалар бўлади:

  • фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг йиллик меҳнатга ҳақ тўлаш жамғармасининг (моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси маблағларини инобатга олмаган ҳолда) 10 фоизи миқдоридаги бюджет маблағлари;
  • халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари қарорларига асосан ажратиладиган маҳаллий бюджетлар қўшимча манбаларининг 3 фоизи миқдоридаги ажратма;
  • фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мол-мулкини белгиланган тартибда ижарага беришдан олинган маблағлар;
  • ҳомийлик маблағлари;
  • қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда бир ой муддатда Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ходимларини рағбатлантириш жамғармаси тўғрисидаги низомни Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Низомда қуйидагилар назарда тутилади:

  • Жамғарма маблағларини шакллантириш тартиби ва улардан фойдаланиш йўналишларини белгилаш;
  • Жамғарма маблағлари ҳисобидан шахсий ва рағбатлантирувчи устамалар бериш, мукофотлаш ва ижтимоий ҳимоялаш.