Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Нью-Йоркдаги бош қароргоҳида 21 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 76-сессияси доирасидаги умумий мунозаралар бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев видеомурожаат билан сўзга чиқди.
Шавкат Мирзиёев ўз нутқида янги шароитларда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бораётганини қайд этди.
«Бугун инсоният ўз тараққиёт йўлининг туб бурилиш даврини бошидан кечирмоқда, халқаро муносабатларнинг табиати кескин ўзгармоқда.
Тинчлик, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга трансмиллий таҳдидлар тобора кучаймоқда, иқлим жадал ўзгармоқда, оммавий миграция оқимлари кўпаймоқда, анъанавий қадриятлар завол топмоқда.
Ишончим комилки, бундай мураккаб шароитда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва унинг ихтисослашган тузилмаларининг дунё миқёсидаги аҳамияти ва ўрни тобора ортиб бормоқда.
Жаҳон тақдири билан боғлиқ ушбу муҳим жараёнларда aйнан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг етакчилик ролини янги мазмун ва сифат билан давом эттириши зарур.
Биз Бош котибнинг халқаро муносабатлар тизимида ҳамжиҳатлик ва бирдамликни мустаҳкамлаш, ташкилот фаолиятининг самарадорлигини ва шаффофлигини оширишга қаратилган ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз», деди президент.
Президент БМТнинг “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик”, деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлади.
«Бугун глобал офатга айланган COVID-19 пандемияси ва унинг нафақат ижтимоий-иқтисодий, балки маънавий-сиёсий оқибатлари диққат марказимизда турибди.
Биз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “ҳеч кимни эътиборсиз қолдирмаслик, ҳамма учун ва барча жойда”, деган тамойил асосида вакциналардан тенг ва адолатли фойдаланиш имкониятини яратишга доир ёндашувини тўлиқ маъқуллаймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, COVAX глобал платформаси доирасида бизга кўрсатилаётган амалий ёрдам учун хорижий ҳамкорларимизга алоҳида ташаккур изҳор этаман.
Биз пандемияларга қарши самарали курашда, вакцинация натижаларини халқаро миқёсда тан олиш жараёнларида Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг мувофиқлаштирувчи ролини янада кучайтириш тарафдоримиз.
Ўзбекистон Республикасининг ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва Бош Ассамблеянинг расмий ҳужжати сифатида тарқатилган Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги Кодекс бизнинг бу борадаги амалий ҳиссамиздир», деди давлат раҳбари.
















