Ўзбекистон | 09:20 / 23.09.2021
31945
4 дақиқада ўқилади

Баргидан меваси кўп. Қўнғиротнинг серҳосил узумзорларига саёҳат

Водийга йўлингиз тушиб, мева бозорига кирсангиз, Қўнғирот узумидан сўранг. Асаканинг Қўнғирот қишлоғида етиштирилган узумлар бошқаларидан бироз қиммат, лекин шираси, сифати ҳам ўзига яраша.

Қўнғирот узумларини ўз кўзимиз билан кўргани йўл олдик. Бу қишлоқда ишкомсиз уй топиш қийин. Ҳар бир хонадон кўча юзига ҳам сўриток кўтариб, узум эккан.

Узумнинг танасини занг дейишади. Зангдан ўсиб чиққан новдаларда худди атай ғуж илиб қўйилгандек осилиб турган узум бошларини кўрасиз. Токзорлардаги покизалик, бирорта нуқсони йўқ мевалар боғбонларнинг ўз касбининг миришкори эканлигидан далолат.

Биз уста боғбон Абдуманноб Қўлдошевнинг токзоридамиз. Ярим гектарлик боғда узумнинг “Келин бармоқ”, “Ризамат ота”, “Кетмон сопи” ва “Ф1” навлари парваришланар экан. Кўз тегмасин ҳосил жуда мўл. Токлар ости ораста чопилган, бирорта бегона ўт ҳам кўрмайсиз. Нуроний боғбоннинг айтишича, ток остининг доим чопилган ҳолда, покиза туриши узумнинг ширали бўлишига сабаб экан.

«Қўнғиротда қадимдан узум етиштириб келинади. Хонадонларда 100-150 йиллик узумлар бор. Машаққати ҳам ўзига яраша. Кузда кесиб кўмамиз, баҳорда яна очиб тараймиз. Сифатли ҳосил олиш учун тинимсиз меҳнат қилинади. Аждодларимиз, ота-бобомиздан мерос касб бу. Боғимизда тўрт хил узум етиштирсак, буларнинг тенг ярми экспортга кетади.

Узумларимиз сифатли бўлгани учун маҳаллий бозорда ҳам яхши кетади. Бошқа жойда етиштирилган узумлардан қимматлигининг сабаби ҳам унинг сифатида», дейди Абдуманноб Қўлдошев.

Узум ишкомлари орасига тўрлар ёйиб чиқилган. Бу «узум ўғриси» бўлган қушлар учун экан. Лекин биз икки соат давомида токзорда тўрга тушган олақанотдан ташқари бирорта қуш учратмадик.

«Биз ҳосил пишганида токзорни турли қушлардан асраймиз. Мана бу олақанот узумни тешиб қўяди. Чумчуқ ўша ердан чўқилайди. Кейин ари босади. Ҳосилга катта зарар етади. Лекин, бир марта бирор қуш тўрга тушгач, бошқа қушлар анча вақтгача токзорга яқинлашмайди. Жониворлар ақлли, хавфни сезади. Шунинг учун тўрга тушган қушни ўлдирмаймиз. Қўйиб юборамиз», дейди боғбон.

Юқорида айтганимиздек, Асаканинг Қўнғиротида кўчаларда ҳам, хонадонларда ҳам узум етиштирилади. 96 ёшли боғбон Алижон ота хонадони ва кўчасидаги ишкомларда узумлар етилиб, тилларанг тусга кирибди.

«Уйдаги мана шу узумлар 1950 йилда экилган. Еримиз узумни жуда суяди. Бизга Аллоҳ берган неъмат бу. Иккинчи жаҳон уруши пайтида одамлар уйларидаги узумларни кесиб, емиш йўқлигидан жўхори, маккажўхори экишганди. Кейин ўша пайтдаги раҳбарлар келиб, ош-нон билан таъминлаб узумлар кесмаслик бўйича буйруқ беришган», дейди Алижон ота.

Асакада ҳозир узумлар ғарқ пишган палла. Агар ишкомдан узиб емоқчи бўлсангиз, бир келинг. Ўзгача таъмли, ширадор узум емоқчи бўлсангиз, ўша юқоридаги гап – бозордан Қўнғирот узумларини сўранг.

Элмурод Эрматов, Kun.uz мухбири,
Тасвирчи ва монтаж устаси – Азизбек Исмоилов.

Мавзуга оид