17:52 / 23.09.2021
1998

Ургутда ер талашиб деҳқон хўжалиги раҳбарини ўлдирган йигит 18 йилга қамалди

Самарқанд вилояти Ургут туманида фермер хўжалигига тегишли ерга сўроқсиз ток эккан йигит хўжалик раҳбарини пичоқлаб ўлдирган. Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида бўлиб ўтган суд мажлисида айбланувчига 18 йил қамоқ жазоси тайинланган. Бу ҳақда Kun.uz’га Олий Суд Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси бошлиғи Азиз Обидов хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йил 30 апрель куни Ургут тумани Терак маҳалласида яшовчи фуқаро С.П. шу маҳаллада яшовчи К.О. билан ер талашиб жанжаллашиб қолган. Жанжалга О.К. ўз раҳбарлигидаги деҳқон хўжалигига тегишли бўлган ерга С.П. томонидан сўроқсиз экилган ток кўчатларини бузиб ташлагани сабаб бўлган.

Хўжалик раҳбари токзорни бузганидан ғазабланган С.П. ўзаро келиб чиққан жанжал давомида ёнида бўлган ошхона пичоғи билан О.К.нинг бўйин соҳасига бир маротаба уриб, уни қасддан ўлдирган. Мазкур қотиллик юзасидан Ургут тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 97- моддаси билан жиноий иш қўзғатилган.

Қайд этилишича, жорий йил 17 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Ургут туман судида мазкур жиноят иши кўриб чиқилган. Суд айбланувчи С.П.ни Жиноят кодексининг 97-моддаси «ж» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топган ва унга 18 муддат озодликдан маҳрум этиш жазосини тайинлаган. Маҳкумга жазони умумий тартибли колонияда ўтказиши, ҳукм 2021 йил 30 апрелдан бошлаб ҳисобланишини белгиланган.

Top