Бу сафарги мурожаатчи маҳалла аҳли фавқулодда қатъиятли чиқиб қолди. Уларнинг маҳалласига бормаганимизча ҳол-у жонимизга қўйишмади. Режалаштирган бошқа ишларни битириб, Жалақудуқ тумани Жалақудуқ маҳалласи Ойбулоқ кўчасига боргач, чиндан аҳвол аризачилар айтганича борлигини кўрдик. Ойбулоқ ва уларга туташ Бўстон кўчаларида 70 чоғлик хонадон яшаш учун керак бўлган оддий шароитларсиз истиқомат қилмоқда.



Тасвирга олувчи ускуналаримиз билан ишни бошлаганимизда атрофимизга жуда кўп одам йиғилди. Ҳар бирини бизга айтар сўзи бор эди. Ҳудудда муаммолар йиғилавериб, охири одамларнинг тоқати тоқ бўлган. Уларнинг айтишича мурожаатлари ҳеч «юқорига» етиб бормас экан. Оқсоқоллар, онахонлар 30 йилдан бери бирор ҳоким ёки раҳбар ҳудудга қадам босиб, халқ дардини эшитмаганини билдиришди.
Биз мана шу кўчаларни кезиб, ҳар бир хонадонда тезакдан таппи ёпилишини, қулаётган симёғочлардаги тош осилган электр симларни суратга тушириб, ичимлик суви йўқлигидан зах булоқдан сув ташиётган, электр қуввати пастлигидан оқшом дарс қила олмаётган ўқувчилар, кийим дазмол қила олмаётган аёллар билан суҳбатлашдик.




«Бу ерга кўчиб чиққанимизга 40 йилча бўлди. Болалар мактабга бориб-келишга бир ойда 2-3 та пойабзал йиртар эди. Шундан бери ўзимиз эплаб, пул топиб, йўлларга шағал тўктириб шу ерга етиб келдик. Шағалларимизни «ер ютди», «свет» ҳам, ичимлик суви чатоқ. Суви одамларни касал қиляпти, чироқ кеч кирганида шам чироқдан ҳам баттар бўлиб кетади. Болалар дарс қила олмайди.
Ёзи билан бу одамлар қишга тайёргарлик кўради. Худди чумоли дон-дун тўплагани каби қиши билан тезак-таппи қилишади. Маҳаллада таппи қилмаган оиланинг ўзи йўқ. Қоп-қоп таппи, том тўла таппи туради», дейди Рўзихон ая Султонова.



















