Жамият | 18:35 / 27.09.2021
35733
2 дақиқада ўқилади

Сурхондарёда ҳайдовчи Lacetti’да ЙПХ ходимини 4 километр масофага судраб кетди

Сурхондарё вилояти Қумқўрғон туманида ҳайдовчи Lacetti’да ЙПХ ходимининг ҳаётини хавф остига қўйиб,  4 километр масофага судраб кетган. Вилоят ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, ҳайдовчи ушланган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Маълум қилинишича, 2021 йил 13 сентябр куни ЙПХ инспектори сафдор Ш.М. Қумқўрғон тумани Сурхон соҳили маҳалласи ҳудудида хизмат олиб борган. Хизмат давомида у йўлнинг қатнов қисмида тўхтаб бошқа транспорт воситаларининг ҳаракатланишига халақит бераётган Lacetti машинаси ҳайдовчиси Т.Х.нинг олдига борган. Сўнг ҳайдовчига ўзини таништириб, Lacetti’га тегишли бўлган ҳужжатларни тақдим этишини, машинани йўлнинг четига олишини айтган.

Қайд этилишича, ҳайдовчи инспекторнинг қонуний талабини бажармасдан машинани унинг устига ҳайдаб юборган. Инспектор тўхтаб турган Lacetti’нинг олдида бўлганлиги сабабли қочишга улгурмай машинанинг олд қисмига осилиб қолган. Ҳайдовчи ана шу ҳолатда машинани ҳайдашда давом этган. Ҳаракатланиб бораётган машина олд қисмида бўлган ЙПХ инспектори ҳайдовчини бир неча маротаба огоҳлантиришига қарамасдан уни тахминан 4 километр масофага судраб олиб кетган. Оқибатда ЙПХ инспектори қулаб тушган ва тан жароҳатлари олиб, шифохонага мурожаат қилган.

Таъкидланишича, мазкур ҳолат бўйича ҳайдовчига нисбатан Қумқўрғон тумани прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид