Меркель қарийб 16 йил давомида ўз мамлакати ҳукуматига раҳбарлик қилиб, Германия ва Евроиттифоқни иттифоқ конституцияси қабул қилиниши, Грециядаги инқироз, миграция инқирози, брексит, Трампнинг президентлиги ва ниҳоят пандемиядан олиб ўтди.

У дарҳол кетмайди: янги ҳукумат шакллантирилишига ойлар кетиши мумкин. Аммо анъанага кўра янгиларга мерос бўлиб қолмаслиги учун истеъфога кетадиган кабинет ҳеч қандай стратегик қарор қабул қилмайди.

Дунёдаги етакчи нашрлар Меркелни дунёдаги энг таъсирли аёл деб аташди, АҚШда Дональд Трамп президентлигида эса - у «эркин дунёнинг янги етакчиси» сифатида кўрилди.

Кўзга ташланмаган юлдуз
Меркель - Германияда ҳукумат раҳбари бўлган илк аёл. Канцлерлик лавозимида бўлиш давомийлиги бўйича у аллақачон Конрад Аденауэрни ортда қолдирган ва яна бир неча ой лавозимда қолса, Гельмут Колга етиб олиши мумкин – булар урушдан кейинги ва Меркелгача бўлган даврдаги Германияни ифодаловчи канцлерлардир. Барчадан кўп вақт канцлерлик қилган шахс эса Отто фон Бисмарк бўлганди.

Шу билан биргаликда, Меркель Аденауэр ва Колдан фарқли равишда ўз ихтиёри билан кетмоқда.

Меркель кетиши ҳақида уч йил муқаддам эълон қилганига қарамай, у умуман «чўлоқ ўрдак» (бу атама сайланган лавозимдаги шахснинг вазифасидан кетиши ва ортиқ сайловчилари олдида масъул эмаслигини ифодалайди) бўлгани йўқ. Немис матбуоти томонидан «Мутти» (Она) деб алқанган сиёсатчи мамлакатдаги энг катта таъсирга эга шахс бўлиб қолаверди.

Ёш Ангела Меркелни немис сиёсатидаги зубр бўлмиш, канцлер Гельмут Коль қўллаган. У Ангелани "менинг қизим" деб атаган. 1990 йилда Меркель бирлашган Германия бундестаги депутати бўлади, 1991 йилда эса вазирликка тайинланади.

Кўплаб немислар Меркелсиз Германия қандай бўлишини шунчаки тасаввур қила олишмайди, канцлер лавозимига номзодлар: социал-демократлар етакчиси, вице-канцлер Олаф Шолтз, Меркель партияси – ХДИ етакчиси Армин Лашет ва яшиллар вакили Анналена Бербок - уларнинг барчаси сайловолди кампанияси давомида Меркель олиб борган сиёсатни давом эттирувчи ворис сифатида кўрсатишга уринишди. Сўровларга кўра, ҳозирча Шольц немисларни кўпроқ ишонтира олган.

Меркель ҳеч қачон ватандошларини жозибали шиорлар билан мафтун этишга уринмаган, омма кайфиятини бир лаҳзада кўтаришга ҳаракат қилмаган, радикал ислоҳотларга қўл урмаган. У деярли ҳар доим зерикарли сиёсат олиб борар, муроса йўлларини излар, ишонтирар, босим қилар ва ўрни келганда чекинарди. Бу эса қатъий қадамлар ташлаш тарафдорларини жуда ғазаблантирарди (масалан, мамлакатдаги радикал яшиллар ёки Россиядан хавфсировчи шарқий европаликларни), аммо у ўз услуби билан мамлакатдаги деярли барча етакчи сиёсатчилар ҳамда немис сайловчиларининг аксар қисмини ўз томонига оғдириб олган.