Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Қашқадарёда икки кишининг ўлими билан боғлиқ қотиллик бўйича қўзғатилган жиноят иши судга юборилди
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Миришкор туманида яшовчи аёл эри, қайнотаси ва қайноғаси икки кишининг ўлимида ноҳақ айбланиб қамоқда ўтиргани ҳақида гапирган видеолавҳа ва хабарлар тарқалди. Бош прокуратура видеолавҳа ва хабарлар юзасидан маълумот берди. Унда айтилишича, жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун вилоят судига юборилган.
Маълум қилинишича, 2020 йил 4 октябрь куни Миришкор тумани, Чандир қишлоғида яшаган 2 нафар шахснинг мурдалари қотиллик аломатлари билан ҳамда Ш.Ж ва вояга етмаган Д.А. оғир тан-жароҳатлари билан ҳушсиз ҳолда топилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Миришкор туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят иши бўйича Чандир қишлоғида яшовчи 3 нафар шахсга айб эълон қилиниб, уларга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.
Қайд этилишича, мазкур жиноят иши бўйича ўтказилган терговлар тугалланган ва у мазмунан кўриб чиқиш учун Қашқадарё вилоят судига юборилган. Ҳозирда жиноят иши Қашқадарё вилоят судида кўрилмоқда.