Сўнгги пайтларда бизнес тренерлар кўпайгандан кўпайди. Ижтимоий тармоқларда уларнинг айрим тренингларидан видеолар кўпайгани сайин савия борасидаги саволлар юзага чиқяпти. Фойдаланувчилар ва умуман оддий одамларда бу соҳа вакилларига нисбатан истеҳзо, ишончсизлик ва тушунмовчилик пайдо бўлди.
Аммо шундай тренерлар борки, амалда кўп нарсани ўз бошидан ўтказган, тажриба орқали шу соҳага етиб келган. Ва бундай тренерлар фақат ўз манфаати учун эмас, умумманфаат учун, ҳаммаслакларнинг ривожланиши учун тадбир иштирокчилари билан билимини бўлишишни истайди. Ана шундай инсонлардан бири Алишер Исаев. Бизнесмен, тадбиркор ва бизнес мураббий билан турли мавзуларда суҳбат қилдик.

“Айни пайтда бир неча лойиҳаларни амалга оширяпмиз. Булардан бири Sales Doctor бўлиб, лойиҳа икки йўналишга бўлинган. Бири IT компания. Бунда биз дистрибьюторларнинг ишларини автоматлаштирамиз. Тадбиркорларни ривожлантириш устида ишлаймиз. Sales Doctor қошида Milliard клубини ташкил қилдик. Ушбу клуб тадбиркорларга ўз маҳсулот ва хизматларини хорижга олиб чиқишда, экспортни ривожлантиришда кўмак беради. Шунингдек, RoboKidz номли робототехника курсларини очганмиз. 2shop IT компаниямиз эса чакана савдо эгаларига хизмат кўрсатади – биз чакана савдо нуқталари ва улгуржи савдони оптималлаштиришга ёрдам берамиз”, – дейди фаолияти ҳақида Алишер Исаев.
Sales Doctor шиори – Савдони даволаймиз!
Ҳар бир тадбиркор бу – доктор, бизнес эса – бемор. Тадбиркорнинг вазифаси бизнесни соғлом ушлаб туриш. Биз носоғлом бизнесни даволашда ёрдам берамиз. Ўзим ёлланма раҳбар бўлиб ишлаганман. Бу соҳанинг касалликлари ҳақида ўз тажрибамдан биламан. Dena савдо белгисини биласиз. Тижорат директори, бош директор лавозимларида ишлаб, ана шу брендни бозорда олға сурганмиз. Balton Trading компаниясида дистрибуция соҳаси паст-баландини кўрдим. Биласизми, “беморлик” одатда илмсизликдан келиб чиқади.
Тадбиркор бир ишни бошлайди ва тезда бойиб кетаман, деб ўйлайди. Амалда эса бир қанча тўсиқларга дуч келади ва... тўхтайди. Сармояси тугаб қолади, товарлари сотилмай, “туриб” қолади. Амалда жуда кўп тадбиркорларимиз олиши мумкин бўлган фойданинг атиги 20-30 фоизинигина олади, холос. Биз эса мана шу кўрсаткични 100 фоизга олиб чиқишга кўмаклашамиз. Муаммо ташқи омиллардан ҳам кўра одамнинг ўзида – унинг миясида. Биз тадбиркорларга ўз бизнесига рақамлар орқали қарашни, муаммоларни интуитив эмас, рақамларда ечишни ўргатамиз.















