Ўзбекистон | 17:00 / 30.09.2021
6463
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг ВТБ молиявий гуруҳи Навоий кон-металлургия комбинатига 1 млрд доллар кредит беради

Россиянинг ВТБ молиявий гуруҳи Навоий кон-металлургия комбинати (НКМК) инвестиция дастурини молиялаштириш учун умумий қиймати 1 миллиард долларлик кредит линиясини очади.

Тегишли битимни имзолаш Тошкентда «Ўзбекистон: иқтисодий ислоҳотлар ютуқлари ва уларнинг истиқболлари» форуми доирасида бўлиб ўтди.

«НКМК билан тузилган шартнома ВТБ учун Ўзбекистондаги энг йирик битим ҳисобланади. Умид қиламизки, у корхона, бутун кон-металлургия саноати ва мамлакатнинг тегишли тармоқларини ривожлантириш учун янги имкониятлар очади. Биз ўз ҳамкасбларимизга нафақат молиявий, балки инвестиция дастурини амалга ошириш бўйича ёрдам беришга, шунингдек, ESG дастурини амалга ошириш билан бир қаторда, халқаро капитал бозорларида ишлашда ҳам кўмак кўрсатишга тайёрмиз», деди ВТБ банки бошқаруви раиси Андрей Костин. 

«НКМК билан тузилган битим комбинатга узоқ муддатли молиялаштиришни жалб қилиш бўйича биринчи ва энг йириги бўлди, шунингдек, бу давлат назорати остидаги барча корхоналар ўртасида бизнесни ривожлантириш учун бир марталик қарз маблағларини энг катта жалб қилиш ҳисобланади. Келишув тоғ-кон саноати ва НКМКнинг 2018 йилда бошланган кенг кўламли трансформацияси туфайли амалга ошди. Компанияни ўзгартириш 2021 йил охиригача якунланиши кутилмоқда. Шунингдек, биз ВТБ ва бошқа халқаро молия институтлари билан иқтисодиётнинг ҳар бир соҳасида ҳамкорликни янада чуқурлаштиришга умид қиламиз», деди Ўзбекистон иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид