09:46 / 30.09.2021
1772

Самарқандда маст ҳолда ЙҲХБ ходимига зўравонлик қилган шахс 15 суткага қамалди

Самарқанд вилояти Нуробод туманида маст ҳолда келиб ЙҲХБ ходимининг ишлашига халақит берган, сўнг уни ҳақорат қилиб тош отган шахс 15 суткага қамалган. Бу ҳақда Kun.uz’га вилоят ИИБ ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, 2021 йил 15 сентябрь куни соат 12:00ларда Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ 3-отряди ходими А-378 Самарқанд-Қарши автомобиль йўлининг Нуробод тумани «Жом» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 32-километрида хизмат фаолиятини олиб бораётиб KIA-BONGO русумли машинани тўхтатиб, текширган. Сўнг, Нуробод тумани «Тегирмонбоши» МФЙда яшовчи ҳайдовчига хавфсизлик камари тақмагани учун маъмурий баённома расмийлаштирган.

Қайд этилишича, орадан уч кун ўтиб 18 сентябрь куни шу ходим А-378 Самарқанд-Қарши автомобиль йўлининг Нуробод тумани «Оқсой» МФЙ ҳудудидан ўтувчи 33-километрида хизмат олиб бораётган пайтда номаълум шахс келиб: «Нега ўғлимга нисбатан маъмурий баённома тузасан?» деб уни турли ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган.

Бундан ташқари, у ЙПХ ходимига тош отиб қувлаган ҳамда ўз бошқарувидаги машина билан ЙПХ ходими бошқарувида бўлган хизмат машинасини Паст Дарғом тумани «Чархин» қўрғонида жойлашган ЙПХ масканига қадар ортидан таъқиб қилиб, йўлини тўсиб тўхтатган.

Шундан сўнг ҳужжатлари текширилганда, ҳайдовчи бирор бир ҳужжатни тақдим эта олмаган. Натижада ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва унинг машинаси вақтинчалик жарима майдонига жойлаштирилган. Ҳайдовчи нарколог шифокор кўригидан ўтказилганда, унинг маст экани аниқланган.

Дастлабки суриштирувда, мазкур шахс 15 сентябрь куни хавфсизлик камарини тақмагани учун маъмурий баённома расмийлаштирилган ҳайдовчининг отаси экани аниқланган.

Таъкидланишича, жорий йил 21 сентябрь куни ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар Жиноят ишлари бўйича Паст Дарғом тумани суди томонидан кўриб чиқилган. Суднинг қарори билан ушбу фуқаро маъмурий ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилган ва унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Top