Ўзбекистон | 11:43 / 02.10.2021
17871
2 дақиқада ўқилади

Бўстонлиқда ҳарбийлар хавфли ҳужумга учраган фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолди

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ҳарбийлар хавфли ҳужумга учраган фуқаронинг ҳаётини сақлаб қолди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Kun.uz'га хабар берди.

Жорий йил 1 октябрь куни соат 16:50лар атрофида Мудофаа вазирлигининг Бўстонлиқ тумани Чорбоғ қўрғонида жойлашган ҳарбий қисмнинг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари ўз хизмат вазифаларини бажариш учун кетаётиб, Тошкент - Сижжак йўналишидаги автомобиль йўли ёқасида икки нафар фуқаро ўзаро жанжаллашаётганига гувоҳ бўлган.

Ҳарбий хизматчилар машинани тўхтатиб, уларга яқинлашганида фуқаролардан бири жароҳатланган, иккинчисининг қўлида ўткир тиғли пичоқ борлигини кўришган. Улар ҳар иккала фуқарони бир-биридан узоқлаштириб, қўлга олган ва жароҳатланган фуқарони Чорбоғ тез тиббий ёрдам бўлимига, иккинчисини эса ички ишлар бўлимига олиб борган.

Дастлабки сўров натижасида олинган маълумотларга кўра, 1995 йилда Тошкент шаҳрида туғилган фуқаро С.М. 1989 йилда Тошкент шаҳрида туғилган А.П.га тегишли бўлган автомобилда йўловчи сифатида Чорбоғ қўрғонида жойлашган «Бочка» номли ошхонага олиб бориб қўйиши учун 200 минг сўм пул эвазига келишган. Манзилга яқин келганда фуқаро С.М. Тошкент - Сижжак йўлининг хилват жойида машинани тўхтатишни ва шу ерга яна бир ҳамроҳи келишилган пулни олиб келиб беришини айтган. Бир оз вақт ўтгач, ўзаро суҳбатлашиш жараёнида машинанинг орқа ўриндиғида ўтирган С.М. фуқаро А.П.га тўсатдан пичоқ билан ҳужум қилиб, унинг гавдасининг орқа қисми ва бел соҳасига тан жароҳати етказган. А.П. ўзини ҳимоя қилиш мақсадида машинадан тушиб қочаётган вақтида ҳарбий хизматчилар келиб қолган.

Билдирилишича, ҳолат юзасидан ички ишлар бўлими ходимлари томонидан дастлабки суриштирув-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид