Жаҳон | 11:06 / 06.10.2021
6152
2 дақиқада ўқилади

Филиппиннинг собиқ диктатори ўғли президент сайловларида иштирок этишини эълон қилди

Филиппиннинг собиқ диктатори Фердинанд Маркоснинг ўғли Фердинанд Бонгбонг Ромуальдес Маркос 2022 йилда мамлакатда ўтадиган президент сайловларида иштирок этмоқчилигини эълон қилди. У бу ҳақда Facebook’даги саҳифасида жойлаштирган видеомурожаатида маълум қилди.

Фердинанд Бонгбонг Ромуальдес Маркос / Фото: AFP

Унинг таъкидлашича, “мамлакат коронавирус пандемияси сабабли ўз тарихидаги энг улкан синовлардан бирига тўқнаш келди”. Шу сабабли Маркос инқирозни енгиш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирган.

Фердинанд Маркос Филиппинга 1965 йилдан 1986 йилгача раҳбарлик қилган. Маркоснинг сиёсий партиялар ва конгресс билан ўзаро муносабатларида зиддият юзага келгани сабабли у 1972 йилда мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиб, конституцияни бекор қилган. Собиқ диктатор 1986 йилда норозилик намойишлари ортида ҳарбийлар томонидан ҳокимиятдан четлатилган ва шундан кейин Ҳавайига иммиграция қилган. Маркос 1989 йилда вафот этган ва Ҳавайида дафн этилган. 2016 йилда мамлакат президенти Родриго Дутертенинг қарори билан Маркоснинг жасади Филиппинда қайта дафн этилган.

Аввалроқ навбатдаги сайловларда вице-президент лавозимига курашмоқчилигини маълум қилган амалдаги президент Родриго Дутерте 2 октябрда сиёсатдан буткул кетишини эълон қилди. Мамлакатда 2022 йил май ойида ўтадиган президент сайловларида Дутертенинг қизи Сара Дутерте-Карпио ва собиқ боксчи Мэнни Пакьяо иштирок этиши кутилмоқда.

Мавзуга оид