Жаҳон | 17:31 / 08.10.2021
20304
9 дақиқада ўқилади

Тинчлик бўйича Нобел икки журналистга берилди, бири россиялик

2021 йилги Тинчлик бўйича Нобел мукофоти Россиянинг «Новая газета» нашри бош муҳаррири Дмитрий Муратов ҳамда филиппинлик тадқиқотчи журналист Мария Рессага «демократия ҳамда барқарор тинчлик ўрнатилишининг дастлабки шарти бўлган фикр билдириш эркинлигини ҳимоя қилиш бўйича интилишлари» учун берилди.

Фото: Getty Images

Дмитрий Муратов ҳақида

«Қотилликлар [ходимларнинг] ва таҳдидларга қарамай, «Новая газета» бош муҳаррири Дмитрий Муратов газетанинг мустақил сиёсатидан воз кечмади. У доимий равишда журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келди», деган Нобел қўмитаси раҳбари Берит Реисс-Андерсен. У шу кунларда нашрнинг журналистик фаолияти туфайли ўлдирилган ходими Анна Политковскаянинг ўлимига 15 йил тўлганини ҳам эслаган.

2001 йилда Чеченистонда «Новая газета»нинг штатдан ташқари корреспонденти Виктор Попков ўлдирилган. 2003 йилда нашрнинг суриштирувлар бўлими муҳаррири Юрий Шчекочихин вафот этган. Тергов қўмитаси унинг ўлимида жиноят аломатлари топмаган, аммо ҳамкасблари у заҳарланган деб ҳисоблашади - ўлими арафасида у таҳдидлар олганди.

2009 йилда Чеченистонда ҳуқуқ фаоли Наталья Эстемирова ўғирлаб кетилган ва ўлдирилганди - у «Новая газета» билан ҳамкорлик қилган. 2009 йил январида Москвада «Новая газета» журналисти Анастасия Бабурова ва нашрнинг юридик ишларини юритган адвокат Станислав Маркелов отиб кетилган.

Қўмита раҳбари Дмитрий Муратов ўз мамлакатида ОАВга тез суръатлар билан ўсиб бораётган босимлар шароитида ишлашига тўғри келаётганини қайд этиб ўтган.

«Игорь Домников, Юрий Шчекочихин, Анна Политковская, Стас Маркелов, Анастасия Бабурова, Наташа Эстемирова - бугун Нобел мукофотини шу одамлар қўлга киритишди», дейди Муратовнинг ўзи BBC билан суҳбатда.

«Мен куляпман. Умуман кутмагандим. Мен ақлимни йўқотдим. Норвегиядан қўнғироқ бўлаётганини кўрдим, аммо мен бу ёқимсиз қўнғироқ бўлади деб ўйлагандим. Мен сизга шуни айта оламан: биз бу мукофотни ҳозирда қатағонга учраётган рус журналистикаси учун бағишлаймиз. Бори шу. Биз ҳозирда агентлар деб тан олинган, қувилаётган ва мамлакатдан чиқариб юборилаётган одамларга ёрдам беришга ҳаракат қиламиз», дея Муратовнинг сўзларини келтиради «Подъем» нашри.

Дмитрий Муратов - «Новая газета» асосчиларидан саналади. У 1995 йилдан 2017 йилгача ушбу нашр бош муҳаррири бўлган, кейин яна 2019 йилдан шу лавозимни эгаллаган.

«Биз Дмитрий Муратовни табриклашимиз мумкин. У доим ўз идеалларига таяниб ишлайди, у ўз идеалларига содиқ. У истеъдодли, у жасур», дея изоҳ берган бу янгиликка Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков.

Мария Ресса ҳақида

«Rappler нашри ҳаммуассиси ва журналисти сифатида Мария Ресса ўзини сўз эркинлигининг қўрқмас ҳимоячиси сифатида намоён этган. Rappler Дутерте режимининг гиёҳвандликка қарши кураш кампанияси ниқоби остида олиб борилган қонли сиёсатини танқидий томондан ёритган. Мария Ресса ўз ватани Филиппиндаги ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, зўравонлик ва кучайиб бораётган авторитаризмни фош этиш учун сўз эркинлиги ҳуқуқига таянди.

Демократик жамиятлар уруш ва тўқнашувларнинг олдини олишдаги энг яхши мудофаа тизимидир. Лекин сўз эркинлиги бўлмаган жамиятда демократия ҳам бўлмайди. Дмитрий Муратов ва Мария Ресса жасур, таниқли журналистлардир. Улар журналист бўлиш нимани англатишини ва сўз эркинлигидан жуда қийин, чекланган шароитда ҳам фойдаланиш мумкинлигини кўрсатиб беришди», дея таъкидлаган Рейс-Андерсен.

Rappler - инглиз тилидаги машҳур янгиликлар сайти бўлиб, Филиппин ҳукумати кўп йиллардан буён бу нашрни ёпишга ҳаракат қилиб келади. Нашрнинг ёпилиши юзасидан расмий суд даъвоси кўриб чиқиш жараёнида, аммо бу вақтда Rappler вазифаларини бажаришда давом этмоқда.

2017 йилда Филиппин президенти Родриго Дутерте нашрга америкаликлар хўжайинлик қилиши ва таҳририят сиёсатини белгилаб бериши ҳақида айтганди.

Шундан сўнг бош муҳаррир Мария Ресса ва Rappler сайтининг ўзига нисбатан 11та жиноий иш очилган. Рессани солиқларни тўламаслик, туҳмат қилиш, хорижликларнинг нашрга раҳбарлик қилиши тўғрисидаги қонунни бузишда ҳамда интернетда туҳмат тарқатишда айблашган.

Ўшандан буён у Филиппиндаги сўз ва матбуот эркинлиги учун курашнинг рамзига айланган. 2018 йилда Time журнали Мария Рессани йил одамлари сифатида тан олинган журналистлар қаторига қўшганди.

«Фактларсиз дунё - бу барибир ҳақиқатсиз ва ишончсиз дунё бўлиб қолади. Ҳозир журналист бўлишнинг айни вақти. Қачонки бу иш билан шуғулланиш хавфли бўлса, демак, бу айнан энг керакли палла», деган Мария Ресса ўзига мукофот берилганидан кейинги изоҳида.

ЖССТ, «Чегарасиз мухбирлар», Навальний
Аввалига бу мукофот учун ЖССТ асосий фаворит сифатида кўрилаётганди. Бошқа эҳтимолий номзодлар қаторида россиялик мухолифатчи Алексей Навальний, Беларусь мухолифати етакчиси Светлана Тихановская, экофаол Грета Тунберг ва «Чегарасиз мухбирлар» ташкилоти ҳам саналганди.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти учун жами 329 номзод кўрсатилганди (234 киши; 95 ташкилот). Бу Нобел мукофоти тарихидаги бир йўналиш учун энг кўп номзод кўрсатилиши бўйича учинчи кўрсаткич саналади.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти - шведларнинг эмас, норвегларнинг Нобел қўмитаси томонидан топшириладиган ягона Нобел мукофотидир.

Тинчлик бўйича мукофот учун номзодлар қандай танланади?
Норвегия Нобел қўмитаси қоидаларига кўра, тинчлик бўйича мукофот учун исталган киши даъвогар бўлиши мумкин, аммо номзодни фақат чекланган доирадаги шахслар таклиф этади.

Қўмита раҳбари Берит Рейс-Андерсеннинг тушунтириш беришича, номзодларни илгари суришда Альфред Нобелнинг васиятида кўрсатилган уч мезон ҳисобга олинади: қуролли кучлар сони қисқартирилишида қўшган ҳиссаси, тинчлик музокараларида кўрсатган ёрдами ҳамда халқлар ўртасидаги қардошлик алоқалари мустаҳкамланишидаги саъй-ҳаракатлари.

Рейс-Андерсеннинг сўзларига кўра, ўтган 120 йил мобайнида Нобел томонидан аниқланган тушунчаларга халқаро ҳамкорлик, нафақат шахсларнинг, балки ташкилотларнинг тинчлигига ҳисса қўшиш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш каби бир қанча аниқловчи формулалар ҳам қўшилган.

«Баъзи ҳолатларда номзодни танлашда биз барча мезонларни бирлаштирамиз, бошқа ҳолатларда қароримизнинг сабаби сифатида биргина сабаб кўрсатишимиз ҳам мумкин», дейди Берит Рейс-Андерсен.

Тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати учун минимал ёш чегараси белгиланмаган, аммо қўмита раҳбари маълум бир шахснинг дунёдаги тинчлик учун қўшган ҳиссаси сезиларли даражада улкан бўлиши кераклиги ва шу туфайли мукофот лауреатлари одатда катта ёшли кишилар бўлишини айтиб ўтган.

Мукофот тарихидаги энг ёш лауреат покистонлик ҳуқуқ фаоли Малала Юсуфзай бўлган, у мукофот билан тақдирланганида 17 ёшда эди. У мусулмон мамлакатларидаги қизларнинг таълим олиши учун курашган ва бу фаолияти учун толиблар томонидан таъқибга учраганди.

Баҳсли мукофот
Тинчлик бўйича мукофот кимга берилиши доимо баҳсларни юзага келтиради. Бошқа йўналишлар бўйича ҳам қўмитанинг қарори ўта субъектив бўлса-да, айнан тинчлик бўйича мукофот доим кўплаб танқидларга сабаб бўлади.

2009 йилда мукофот барчани ҳайратга солган ҳолда АҚШ собиқ президенти Барак Обамага берилди. Ўшанда у эндигина лавозимга киришган ва дунёда тинчлик учун айтарли иш қилмаганди. Обама эришган аниқ муваффақиятлари учун эмас, балки тинчлик уйғунлигига эришишдаги ҳаракатлари учун мукофотлангани айтилганди.

Асосий эътирозлар Нобел мукофотини қайтариб олиб бўлмаслиги билан ҳам боғлиқ. Бу мукофот билан тақдирланган шахс абадий шу мукофот эгаси бўлиб қолади.

Шунинг учун, агар тинчликпарвар фаолияти учун Тинчлик мукофотини олган шахс кейинчалик уруш бошласа ҳам барибир Нобел мукофоти лауреати бўлиб қолаверади. Бу эса, ўз навбатида дипломатик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Масалан, Мянма мухолифати етакчиси ва тинчлик мукофоти совриндори Аунг Сан Суу Жи ҳокимият тепасига келгач, роҳингя халқига нисбатан ваҳшиёна муносабатидан сўнг Ғарб жамоатчилиги олдида унинг обрўси бутунлай чилпарчин бўлди. 

Аунг Сан Суу Жи 2019 йилда Ҳаагадаги БМТ халқаро судида роҳингя  халқига нисбатан қилган қатлиоми учун жавоб берди. Ўшанда уни Нобел мукофоти совриндори мақомидан маҳрум қилиш бўйича чақириқлар янгради, аммо мукофотни қайтариб олиб бўлмайди. 

Бошқа мисол – Эфиопия бош вазири Абий Аҳмад Али. У 2018 йилда қўшни Эритрея билан муносабатларни яхшилагани учун мукофотга лойиқ деб топилганди, икки йилдан кейин эса Эфиопияда Тиграй қонли можароси бошланди.

Мавзуга оид