Спорт | 12:30 / 11.10.2021
17686
6 дақиқада ўқилади

Франция бошқарувга қайтди. Бензема даҳоси ва VAR жаҳон чемпионларига Миллатлар лигасида ғалаба келтирди

Финалда Испания мағлуб этилди — 2:1.

Миллатлар лигаси A
Финал
Испания — Франция — 1:2 
(0:0)
Голлар: Ойярсабаль, 64 (1:0). Бензема, 66 (1:1). Мбаппе, 80 (1:2).
Испания: Симон, Аспиликуэта, Алонсо, Ляпорт, Гарсия, Бускетс, Сарабия (Пино, 61), Р.Эрнандес (Мерино, 84), Торрес (Пабло Форнальс, 84), Гави (Коке, 75), Ойярсабаль.
Франция: Льорис, Варан (Упамекано, 43), Кимпембе, Павар (Дюбуа, 79), Кунде, Т.Эрнандес, Погба, Тшуамени, Бензема, Гризманн (Верету, 90+2), Мбаппе.
Огоҳлантиришлар: Погба, 46. Кунде, 55. Ляпорт, 86. Мбаппе, 90.
Ҳакам: Тэйлор (Англия).
10 октябрь. Милан. «Жузеппе Меацца» стадиони.

Испания ва Франция Миллатлар Лигасида яримфинални кучли ўтказишди ва муносиб равишда финалга чиқишди. Луис Энрикенинг ёшлари Европа чемпионлари бўлмиш италияликлардан Евро-2020 финалидаги мағлубият учун қасос олишди (2:1), Дидье Дешам жамоаси эса Бельгияга қарши ўйинда биринчи бўлимдаги кучсиз ўйиндан кейин қаҳрамонлик кўрсатишди (танаффусгача 0:2, якуний ҳисоб 3:2).

«Францияда ажойиб таркиб. Мен ҳозирча бошланғич таркибни белгилай олмадим, аммо Ферран Торрес ўйинда иштирок этиши сўроқ остида. Франция термасидаги ҳужумкор футболчилар жуда кучли ва ҳар қандай ўйинда бурилиш ясай олиши мумкин, аммо биз ўз йўналишимизни ўзгартирмоқчи эмасмиз», — деганди Луис Энрике финалдан олдин рақиб ҳақида.

Амалда эса Торрес ҳам, жамоанинг 17 ёшли яримҳимоячиси Гави ҳам илк дақиқалардан майдонга чиқди. Фақат ҳужум учлигининг жойлашуви бироз кутилмаган бўлди: Пабло Сарабия, Микель Оярсабаль ва Торрес яна бирга ўйнашди, аммо уларнинг ҳар бири ҳужум чизиғидаги ўз одатий жойини ўзгартирганди. Ферран ўнгда, Оярсабаль марказда, Сарабия чапда ҳаракатланди.

«Испаниядан тўпни олиб қўйиш имконсиз. Тўпга эгалик қилиш уларнинг қонига сингиб кетган. Сиз прессинг қилишингиз мумкин, аммо улар кучли босим остида ҳам аниқ узатмалар бера олишади. Қайд этиш керакки, Италияга қарши ўйинда тўп йўқотилган вақтда уларнинг ўзи ҳам яхши прессинг қўллашди», — дея қайд этди Дешам испанларнинг устунликлари ҳақида.

Французларда майдон марказида Пол Погбанинг ёнидан «Монако» яримҳимоячиси Орельен Тшуамени ўрин эгаллади.

Ўйин кутилган сценарий бўйича бошланди: испанлар тўпга эгалик қилишди, французлар хавфли ҳужумлар уюштирди. Бўлим ўрталарига бориб «қизил фурия» тўпни ўз дарвозасидан узоқлаштирди, аммо уларнинг ўйинни назорат қилиши стерил бўлиб қолаверди: Франция дарвозасига ҳеч қандай таҳдид солинмади. Биринчи бўлим фақат Рафаэл Вараннинг жароҳати билан ёдда қолди. 43-дақиқада унинг ўрнига Дайот Упамекано ўйинга қўшилди. Ҳарри Магуайр ҳам жароҳатлангани ҳисобга олинса, энди «Манчестер Юнайтед» ҳимояси қийин ҳолатга тушиб қолди.

Мухлислар илк голли вазиятни 64-дақиқагача кутишди. Французларнинг хавфли қарши ҳужуми Тео Эрнандеснинг дарвоза тўсинини нишонга олиши билан якунланди, жавоб ҳужумида эса Испания ҳисобни очди. Тўп испанлар дарвозаси тўсинидан қайтишидан бир неча сония ўтиб Серхио Бускетс Оярсабални олдинга ташлади. «Реал Сосьедад» ҳужумчиси Упамеканони осон ортда қолдирди ва тўпни дарвозанинг пастки ўнг бурчагига жойлади.

Франция эса ўз ҳужумкорлигини давом эттирди. Биринчи голдан икки дақиқа ўтиб Карим Бензема айлантириб йўллаган зарбаси билан Унаи Симонни иложсиз қолдирган ҳолда тўпни дарвозанинг юқори узоқ бурчагига йўналтирди.

Урилган голлар икки томонни ҳам очилишга мажбур этди, айниқса Франциянинг тезкор ҳужумчилари яна гол уриш учун ҳаракат қилишди. Килиан Мбаппе ва Бензема испан ҳимоячиларини нафас ростлашга қўйишмади. Бу ўз самарасини берди.

80-дақиқада Эрнандес Мбаппени Симон билан яккама-якка вазиятга чиқариб юборди. Француз рақиб дарвозабонини осонлик билан алдаб ўтиб ғалаба голини урди. Лекин голнинг ҳакамлар бригадаси томонидан ҳисобга олинишини кўплар нотўғри қарор деб ҳисоблашди. Ҳужумчи тўп узатилган вазиятда офсайдда эди, аммо тўп унга боргунча Эрик Гарсияга текканди.

Видеоассистентлар Стюарт Аттуэлл ва Крис Кавана вазиятни текширишди ва ҳимоячи узатмани тўхтатиб қолиш учун чап оёғини тўп йўналишига қўйганини аниқлашди - у айнан тўпга ўйнаган ва бу рикошет эмасди. Шу туфайли бош ҳакам Энтони Тэйлор VAR бригадаси хабаридан кейин гол қоидаларга бўйича тўғри урилган деб топди.

Ўйиннинг сўнгги дақиқалари шиддатли кечди. Французлар дарвозабони Уго Льорис ўз маҳоратини кўрсатди ва бир неча мураккаб вазиятларда тўпни қайтарди. 2018 йилги жаҳон чемпионлари характер кўрсатишди ва Миллатлар лигасининг «Тўртлар финали»да иккита иродали ғалабага эришишди.

Энди жамоа Евро-2020даги муваффақиятсизликни ювди деб ҳисоблаш мумкин - уч йил ичида иккита соврин қўлга киритилди.

Мавзуга оид