Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Жорий йилда Ўзсаноатқурилишбанк томонидан трансформация жараёнларининг сўнгги босқичи ўз якунига етказилмоқда. Куни кеча Банк Бошқаруви аъзолари, Халқаро молия корпорацияси экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Бухоро шаҳрида ўтказилган анжуман ва пресс-тур давомида Бухоро минтақавий филиалида трансформация доирасида ишга туширилган мижозларга хизмат кўрсатишнинг янги тизими тақдимоти ўтказилди.

Президентимизнинг 2020 йил 12 майдаги “2020-2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармонида банкларнинг самарали инфратузилмасини яратиш ва фаолиятини автоматлаштириш, универсал хизмат кўрсатиш нуқталари тармоғини ривожлантириш, аҳоли ва кичик бизнес учун масофавий хизматларни кенг жорий қилиб, кредитлашни фақат бозор шартлари асосида амалга ошириш каби муҳим вазифалар белгиланди.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Бир неча йилдан буён Ўзсаноатқурилишбанк тизимида Халқаро молия корпорацияси ҳамда Европа тикланиш ва тараққиёт банки экспертлари кўмагида олиб борилаётган кенг кўламли трансформация жараёнида фармонда қайд этилган ушбу вазифаларга устувор аҳамият берилди. Банкнинг бизнес модели тубдан ўзгартирилди, барча ишлар мутлақо янги стратегия асосига бунёд этилмоқда.

Бугунга келиб мижозга йўналтирилганлик тамойили асосида иш фаолияти бутунлай янгидан ташкил этилган Бухоро минтақавий филиали мисолида бу борадаги ишлар салмоғи ва самарадорлигини кўриш мумкин.

Хусусан, фақат мижозларга хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган фронт офис иши аҳолига ҳар жиҳатдан манзур бўлиб, филиалда иш унумдорлигини бир неча бараварга орттирди.

Кредит ажратиш тезкорлиги юридик шахслар учун 2,6 баробарга, жисмоний шахслар учун эса 1,6 баробарга оширилиб, чакана мижозлар сони 1,7 баробарга ўсди. Ходимларнинг уларга тегишли бўлмаган вазифаларни бажариш ҳолатлари камайтирилди. Банк маҳсулотлари сони 1,5 баробарга кўпайди.

Фото: Ўзсаноатқурилишбанк

Тармоқ сотувини бошқариш ва қўллаб-қувватлаш марказлаштирилди.

Илгари ҳар бир филиал ўзига тегишли Банк хизматлари марказлари ва чакана кассалари тармоғини бошқарган бўлса, ҳозирда барча тармоқлар бошқаруви минтақавий филиал зиммасига ўтказилиб, қуйи филиаллар фақат мижозлар билан ишлашга бириктирилди.