Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакат кардиохирургияси тарихи яна бир мураккаб жарроҳлик амалиёти билан бойигани, Тошкент шаҳридаги замонавий клиникалардан бирида шошилинч равишда  тиббий кўрсатмага мувофиқ ноёб операция муваффақиятли ўтказилгани ҳақида хабар қилди. 

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

«Одатда, шифокорлар кекса ёшли инсонлар танасига тиғ теккизишнинг ўзи жуда нозик жараён эканлигини айтишади. Юрак соҳасидаги жарроҳлик амалиётлари эса ўта мураккаб ва анчайин хавфли. Шу боис, ҳатто мазкур соҳада пешқадам бўлган Япония ва Германия давлатларида ҳам бундай операциялар камдан кам ўтказилади», дейилади ССВ матбуот хизмати хабарида. 

Амалиёт Россиянинг А.Н.Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида ишлаб келган ва 2017 йилда Соғлиқни сақлаш вазирлиги таклифи асосида ватанга қайтган малакали кардиохирург, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ёрбеков бошчилигида ўтказилган

Бемор — Ёқуб Маҳмудов, 90 ёшда. Тошкент вилоятининг Чиноз туманидан. У кўп йиллардан бери гипертония ва юрак ишемик касалликларидан азият чекиб келган. Қон босими 190гача кўтарилиб кетиши кузатилган, инфарктни бошдан ўтказган. 

Шунингдек, жорий йил мартида коронавирусга чалиниб, муолажа олган. Аммо кўп ўтмай юрак соҳасида оғриқлар янада зўрайиб, аҳволи ёмонлашгач, Рустам Ёрбеков ва унинг жамоасига мурожаат қилган. 

«Биз, кардиохирурглар бу ёшдаги беморда жарроҳлик амалиёти ўтказишни қумдан иморат тиклашга ўхшатамиз. Негаки, юрак  операцияси чоғида фавқулодда буйрак, жигар, мия ва бошқа аъзолар хуруж қилиб қолиши мумкин. Шу сабабли Ўзбекистонда яқин йилларгача бундай ҳолатдаги беморлар ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Энди эса нафақат пойтахт, балки қатор вилоятлар марказларида ҳам шундай мураккаб операцияларни ўтказяпмиз. 

Чинозлик отахон ҳам бу клиникага шошилинч олиб келинди. Дастлаб унда коронарография амалиёти ўтказилди. Сўнг беморнинг юрак-қон томирларида кучли зарарланиш ҳам аниқлангач, куни кеча аорта-коронар шунтлаш операцияси бажарилди. Ҳозир Ёқуб бобонинг аҳволи яхши. Текширув ва таҳлил натижалари, қон босими меъёрида, пульс стабиль ҳолатда», дейди профессор.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги